Uzbekistan Airways авиакомпаниясини трансформация қилиш Эрдўғоннинг собиқ маслаҳатчисига топширилди

ИЛКЕР АЙЖИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВГА UZBEKISTAN AIRWAYS ТРАНСФОРМАЦИЯ ҚИЛИШ РЕЖАСИНИ ТАҚДИМ ЭТМОҚДА . ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Uzbekistan airways акциядорлик жамиятини ислоҳ қилиш бўйича туркиялик мутахассис Илкер Айжи (Ilker Ayci) жамоаси билан иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар беради.

14 декабрь куни Илкер Айжи Шавкат Мирзиёевга миллий авиаташувчини ўзгартириш ва ривожлантириш бўйича таклифларни тақдим этди. Улар Ўзбекистонни географик жойлашуви ва авиация инфратузилмасидан самарали фойдаланган ҳолда халқаро транспорт хабига айлантириш вазифасидан келиб чиққан ҳолда тайёрланган.

Муаммони ҳал қилиш учун авиакомпанияда халқаро тажрибага асосланган корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, ҳаво кемалари паркини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва юк ташиш тармоғини кенгайтириш чоралари кўрилади. Авиакомпанияни хусусийлаштиришга хорижий инвесторлар жалб қилинади

«Асосий мақсад «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни етакчи минтақавий авиакомпанияга айлантириш, шунингдек, аҳолининг маҳаллий ва халқаро йўналишларда арзон нархларда ҳаракатланишини таъминлашдан иборатдир», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент бу режаларни маъқуллаб, унинг ижросига тезроқ киришиш кераклигини таъкидлаган.

«Бу соҳада ўн йилга кечикканмиз. Авиакомпания эскича услубда ишлаяпти, йўловчилар хизмат сифатидан рози эмас. Агар иқтисодиётимизни, туризмни ривожлантирамиз десак, яккаю ягона йўлимиз шу», – деди Шавкат Мирзиёев.

ℹ️ Илкер Айжи 1971 йили Истанбулда туғилган. Билкент университетининг сиёсатшунослик ва давлат бошқаруви факультетини тамомлаган, Мармара университетида халқаро алоқалар бўйича магистрлик даражасини олган. 1994 йили у Истанбул мэри Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, 2011 йил январида Айжи у пайтлар Туркия Бош вазири бўлган Эрдўғон ҳузуридаги Инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш агентлиги президенти этиб тайинланган.

2015 йил апрель ойида Илкер Айжи Turkish Airlines авиакомпанияси бошқарувини бошқарган ва 2022 йил январигача унга раислик қилган. Унинг раҳбарлигида авиаташувчи йўналишлар сонини 69 та аэропортга оширади ва яна 20 та давлатга парвозларни амалга ошира бошлайди, бу эса уни Европанинг олтинчи йирик авиакомпаниясига айлантирди. COVID-19 пандемиясидан кейин авиакомпаниянинг молиявий тикланишида ҳам Айжининг хизмати катта бўлган.

2022 йил февраль ойида Ҳиндистоннинг Tata Group компанияси Илкер Айжини Air India компаниясининг бошқарувчи директори ва бош ижрочи директори этиб тайинланганини эълон қилди. Бироқ, бу қарор Айжининг Эрдўғон билан алоқаси туфайли Ҳиндистонда кучли қаршиликка сабаб бўлди ва Turkish Airlines бошқарувининг собиқ раҳбари Tata Group таклифини рад этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ