Мишустин: 2022 йили Россия ва Ўзбекистон ўзаро товар айирбошлаш бўйича рекорд ўрнатди

sputniknews-uz.com сайти фотосурати

Жорий йилнинг 10 ойи давомида Россия ва Ўзбекистон ўзаро товар айирбошлаш бўйича рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Россия Бош вазири Михаил Мишустин 2 декабрь куни ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан музокарада айтиб ўтди.

«Январь-октябрь ойларида [савдонинг] 30 фоиздан ортиқ ўсиши қайд этилди. Яъни, бизда 10 ойлик бўйича рекорд қайд этилган», — деди Россия Федерацияси ҳукумати раҳбари 2021 йил якунига кўра Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорига айлангани, Хитойдан ўзиб кетгани, ўзаро товар айланмаси 17 фоизга ошганини эслатиб ўтди.

Мишустин Россия ва Ўзбекистон тез орада қўйилган вазифани — товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказишини (2021 йил охирида 7,5 миллиард долларни ташкил қилган) бажаришига ишонч билдирди.

РФ ҳукумати раҳбари, шунингдек, Россия ўзбекистонлик шерикларнинг саноат кооперациясини чуқурлаштиришдан манфаатдорлигини маъқуллашини таъкидлади.

«Автомобилсозлик, самолётсозлик, фармацевтика соҳаларида қизиқарли ташаббуслар муҳокама қилинмоқда. Катта инвестициялар машинасозлик ва металлургияга йўналтирилмоқда», — деди Мишустин.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони 2500 дан ошди (ИТСВ маълумотларига кўра – 3000 дан ортиқ), ўзбекистонлик ишбилармонлар Россияда 600 дан ортиқ компанияни рўйхатдан ўтказган.

Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников 1 декабрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Россия-Ўзбекистон бизнес-форумида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, «Ўзбекистон бизнеси ҳозирда Россия бозорида бўшаган ўринларни эгаллаш учун ажойиб имкониятга эга».

«Муайян соҳаларда ҳамкорликда ишлаш, макроминтақавий интеграцияни мустаҳкамлаш истиқболлари кўпроқ. Масалан, логистика соҳасида қўшма лойиҳаларни фаол ривожлантирмоқдамиз. «Агроэкспресс» лойиҳаси катта салоҳиятга эга, у ЕОИИ мамлакатлари ўртасида амалга оширилмоқда. Куни кеча Россия президенти Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ўртасида газ иттифоқини тузишни таклиф қилди. Бу иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантириш учун мамлакатларимиз энергия салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш имконини беради», — деди Решетников.

Айни пайтда Ўзбекистонда нефть-кимё, энергетика, кон-металлургия, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, шунингдек, мева-сабзавотларни қайта ишлаш каби соҳаларда Россия компаниялари билан умумий қиймати 20 миллиард доллардан ортиқ бўлган 200 га яқин қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.

Решетниковга кўра, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграциялашувининг чуқурлашиши республикага умумий экспорт ҳажмини янада қарийб учдан бирига ошириш имконини беради.

«Умуман олганда ялпи ички маҳсулот деярли 7 фоизга ўсади. Бундай натижага эришиш учун ягона иқтисодий маконни яратиш, маҳсулот айланишига оид техник тартибга солиш, мажбурий талаб ва стандартларни бирлаштириш борасидаги ишларни давом эттириш муҳим аҳамиятга эга. Иттифоқ билан интеграция жараёнлари кучайтирилгач, Ўзбекистоннинг ўзи ҳам бизнинг бозорларимизда ишлаш қоидаларини шакллантиришда иштирок этиши мумкин бўлади», — деди Решетников.

Бизнес-форум доирасида бир неча панел сессиялари, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги учрашувлар, Ўзбекистон-Россия ва Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Михаил Мишустин бизнес-форум икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, янги истиқболли лойиҳаларни ишга туширишга хизмат қилишига ишонч билдирар экан, бундай тадбирларни ҳар йили ўтказиб туришни таклиф қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ