Ўзбекистонлик футболчи Беларусь чемпионатида йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди

Бобир Абдухоликов. sports.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Минскнинг «Энергетик» клуби ҳужумчиси Бобир Абдухолиқов Беларусь чемпионатининг 2022 йилги мавсумдаги энг яхши футболчиси деб топилди.

Беларуслик футбол мутахассислари ва спорт журналистлари иштирок этган анъанавий йиллик сўров натижаларига кўра Абдухолиқов ғолиб бўлди. 28 ноябрь куни 2022 футбол мавсуми якунларини сарҳисоб қилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Абдухолиқов кейинги мавсумда бошқа чемпионатда ўйнашини айтди.

Ҳужумчи 26 та гол уриб, чемпионат тўпурарига айланди.

25 ёшли ўзбек футболчиси энг фойдали ўйинчи ва энг яхши ҳужумчи сифатида ҳам тан олинди ва унинг жамоаси илк бор Беларусь чемпионатининг кумуш медалларини қўлга киритди.

«Энергетик»да Абдухолиқовдан ташқари, худди у сингари мусобақанинг рамзий терма жамоасига кирган ўзбекистонлик футболчилар Абдуқодир Ҳусанов ва Амирбек Бақоев, қозоғистонлик Багдат Жиенбай ҳам тўп суради.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йили аввалига «Энергетик»да ўйнаб, кейин «Шахтёр»га ўтган Ўзбекистоннинг яна бир вакили Жасур Яхшибоев 16 та гол билан Беларусь чемпионати тўпурарлари пойгасида иккинчи бўлиб, энг яхши футболчига айланганди.

Бобир Абдухолиқов асли Қашқадарё вилоятидан. Фаолиятини Қаршининг «Насаф» клубида бошлаган. 2021 йил февралида у Львовнинг «Рух» клуби билан 3 йиллик шартнома имзолади, бироқ жамоада ўз ўрнини топа олмагач, шартномани бекор қилишни сўради ва май ойида «Энергетик» га ўтди. Футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 4 та ўйин ўтказган. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг нархи 800 минг еврога баҳоланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ