Қозоғистоннинг Экибастуз шаҳрида иссиқлик тармоқларида юз берган йирик авария туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди

salem.su сайти фотосурати

Экибастузда (Қозоғистоннинг Павлодар вилояти ғарбидаги шаҳар) фавқулодда ҳолат жорий этилди, деб хабар беради маҳаллий ҳокимлик.

«Қозоғистон Республикасининг «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги қонунининг 48-моддасига мувофиқ, ҳоким томонидан иссиқлик тармоқларида техноген хусусиятидаги авария содир бўлгани туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди», — дейилади хабарда.

Фавқулодда ҳолат таъмирлаш-тиклаш ишлари тугагунга қадар амал қилади, дея таъкидлайди ҳокимлик.

Қаттиқ совуқлар бошланиши билан (кечаси шаҳарда ҳаво ҳарорати минус 30 даражадан пастга тушади) Экибастуздаги эскирган иссиқлик тармоқлари бир вақтнинг ўзида кўп жойларда ёрилиб кетган. Катта сув сизиб чиқиши туфайли Экибастуз ИЭС қозонхоналарига юк тушган, 26 ноябрдан 27 ноябрга ўтар кечаси уларнинг бир қисми тўхтаб қолган. Ўтган тунда 17 та кўп қаватли турар жой, бешта ижтимоий ва 21 юридик шахс объектлари иссиқлик таъминотисиз қолган.

Воқеа муносабати билан Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Бош вазир Алихон Смоиловга мамлакат шаҳарларидаги муаммоли энергия объектларини давлат мулкига қайтариш масаласини кўриб чиқишни топширди.

Иссиқлик тармоқларидаги авария учун айбдорлар жазоланади, маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатилади.

Таъкидлаш жоиз, ўтган йилнинг ёзида Қозоғистон Энергетика вазирлиги комиссияси Экибастуз ИЭСда иссиқлик қувурлари эскириб кетиш даражасини аниқлаган эди (у 70 фоиздан ошган). ИЭС раҳбариятига таъмирлаш ишларини тезлаштириш бўйича топшириқ берилди.

Ноябрь ойи бошида Қозоғистон шарқидаги Риддер шаҳрида техноген характерга эга фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди. Бу қарор маҳаллий иссиқлик электр станциясида юз берган навбатдаги авария муносабати билан қабул қилинганди, бунинг оқибатида 22 минг одам иссиқлик таъминотисиз қолганди (шаҳарда 56 мингга яқин аҳоли яшайди).