АҚШ Қозоғистон билан нефтни Россияни четлаб ўтган ҳолда экспорт қилиш йўлларини муҳокама қилмоқда

pixabay.com сайти фотосурати

Америка компаниялари Қозоғистон расмийлари билан Россияга қарши санкцияларни ҳисобга олган ҳолда республикадан нефть экспорт қилишнинг муқобил йўлларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Остонадаги элчиси Дэниел Розенблюм маълум қилди, дея хабар беради КазТАГ.

«АҚШнинг энг йирик компаниялари энергетика масаласида асосий ҳамкорлар ҳисобланади, шунингдек бу компаниялар Қозоғистонда нефтни қайта ишлаш сектори, энергетикани ривожлантиришда катта роль ўйнаган. Энди дунёдаги вазият ва КҚК қувуридаги муаммоларга қарамай, барча ресурслар Ғарбга етиб боришига ишонч ҳосил қилиш жудаям муҳим», — деди Розенблюм.

Муаммони ҳал қилишнинг калити, дейди у, муқобил таъминот йўлларини топишдир.

«Биз ҳозир кузатаётган асосий нарсалардан бири бу Россиядан келадиган нефть ва ресурслардир ва санкциялар доирасида Қозоғистон экспорти тўғри манзилга етиб бориши учун Европа давлатлари, АҚШ, Қозоғистон ўртасида катта мувофиқлаштириш ишларини амалга ошириш лозим. Мазкур муаммони ҳал қилишнинг калити Қозоғистондан ресурсларни ташишнинг муқобил йўллари бўлади, бу масала ҳозир жудаям долзарб», — деди элчи.

Шу муносабат билан у 2023 йил бошидан Қозоғистон нефтининг Озарбайжон орқали олиб ўтилиши бўйича эришилган келишувларни эслатди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Қозоғистон 2023 йил январь ойидан бошлаб Боку-Тбилиси-Жайҳон нефть қувури орқали йилига 1,5 миллион тонна нефть ташишни бошлашни режалаштираётгани хабар қилинганди.

Сўнгги 20 йил ичида Қозоғистондан Россиянинг Новороссийск шаҳрига хомашё КҚК (Каспий қувури консорциуми) қувури орқали етказиб берилди. У орқали кунига ўртача 1,3-1,4 миллион баррел нефть ўтган. Бу ҳозирда Қозоғистон нефтининг асосий экспорт йўли ҳисобланади. Яқин вақтгача у носозликларсиз ишлаган, аммо ўтган йил давомида тизим турли хил ташқи омиллар, жумладан, 2021 йил август ойида нефтнинг тўкилиши, портловчи объектларнинг мавжудлиги, денгиз терминали акваториясини ўрганиш каби сабабларга кўра доимий равишда насос чекловларига дуч келди.

Ўтган ёзда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мавжуд геосиёсий вазият туфайли нефть етказиб беришни диверсификация қилишга чақирган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ