Тожикистон парламентининг қуйи палатаси «Байрамлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини кўриб чиқди ва уни янги байрам – «Давлат сирларини ҳимоя қилиш соҳаси ходимлари куни» билан тўлдирди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси расмий сайтида хабар берилди.
Тожикистонда бу байрам ҳар йили 6 май куни нишонланади.
«Давлат сирларини ҳимоя қилиш соҳаси ходимлари кунининг таъсис этилиши давлат сирларини ўз ичига олган маълумотлар билан бевосита шуғулланувчи ўн минглаб турли соҳа ходимларига ўз касб байрамларини муносиб нишонлаш, ҳар йили ушбу соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш имконини беради», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тожикистон ҳукумати 2022-2026 йилларга мўлжалланган мамлакатда давлат сирларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва ахборотнинг техник муҳофазасини таъминлаш бўйича Давлат дастурини тасдиқлаш, жумладан, давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича идоралараро комиссияни тузиш топшириғини берган эди. Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан қарийб 15,6 миллион сомоний (1,5 миллион доллар) маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Давлат сирларини ҳимоя қилиш соҳаси ходимлари куни қонунга мувофиқ Тожикистонда 86-расмий байрам ҳисобланади.
Тожикистонда Давлат сирларини ҳимоя қилувчилар кунидан ташқари геологлар, энергетиклар ва муҳожирлар куни ҳам расмий даражада нишонланади. Шу билан бирга, йил давомида 86 та байрамдан фақат тўққизтаси дам олиш кунидир:
▶️ 1 январ — Янги йил;
▶️ 8-март — Оналар куни;
▶️ 21-24 март — Халқаро Наврўз байрами;
▶️ 9-май – Улуғ Ватан урушидаги Ғалаба куни;
▶️ 27-июн – Миллий бирдамлик куни;
▶️ 9 сентябрь — Тожикистон Республикасининг Давлат Мустақиллиги куни;
▶️ 6 ноябрь — Тожикистон Республикаси Конституцияси куни;
▶️ Ҳар йили диний ташкилот томонидан белгиланадиган Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамлари.