Ўзбекистон ва Франция умумий қиймати 1 миллиард евродан ортиқ бўлган лойиҳаларни амалга ошириш дастурини имзолади

ФАР бош директори Реми Риу ва Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги (ФАР) ўртасида умумий қиймати бир миллиард евродан ортиқ бўлган 2025 йилгача стратегик ҳамкорлик дастури имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Дастурда қишлоқ хўжалиги, энергетика, яшил иқтисодиёт, шаҳарсозлик, сув таъминоти, банк-молия сектори ва транспорт соҳаларида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Ҳужжат 21 ноябрь куни Парижга ташриф буюрган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва ФАР бош директори Реми Риу (Remy Rioux) учрашувидан сўнг имзоланди.

Ташрифнинг биринчи куни бизнес кун тартибига бағишланди. Мирзиёев Франциянинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Иштирокчилар орасида Франциянинг MEDEF тадбиркорлик ҳаракати бош директори Филипп Готье, Airbus, Orano, Suez, Alstom, Total Eren, EDF, Schneider Electric, Natixis каби 20 га яқин йирик компания ва банклар раҳбарлари бор эди.

Мирзиёев ишбилармонларга Ўзбекистон аҳолиси сони бўйича Марказий Осиёдаги энг йирик давлат экани, Ўзбекистон маҳсулотлари МДҲ мамлакатлари бозорига божсиз киришини таъкидлади. Мамлакатда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилган, жумладан:

✅ валюта бозори либераллаштирилди;

✅ фойдани ватанга қайтариш бўйича барча чекловлар олиб ташланди;

✅ банкларни, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш дастури ишга туширилди;

✅ Давлат-хусусий шериклик механизмлари фаол жорий этилмоқда.

Ўзбекистон раҳбари Франциядан келган тадбиркорлар учун барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш, имтиёзлар ва кафолатланган харидлар кўринишида кенг қўллаб-қувватлаш ҳамда бошқа ёрдам чораларини кўришга тайёрлигини маълум қилди.

«Ҳар бир инвестор Ўзбекистон деганда, энг аввало, барқарорлик ва келажакка ишончни тасаввур қилишига интилаяпмиз»,деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, «яшил» энергетика, озиқ-овқат саноати, кимё ва автомобилсозлик, электротехника ва электроника тармоқлари, соғлиқни сақлаш соҳасини узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун энг истиқболли йўналишлар сифатида қайд этди.

Мирзиёев Франция ишбилармонлар делегациясининг ҳар бир аъзоси билан суҳбатлашди. У тадбиркорларни Ўзбекистонга ташриф буюришга ва бу мамлакат сармоя учун энг яхши жой эканлигини ўз кўзи билан кўришга таклиф қилди.

Йиғилиш якунлари бўйича президент Ўзбекистон томонининг масъул раҳбарларига билдирилган барча ташаббусларни ўз ичига олган, босқичма-босқич механизмлар, аниқ муддатлар ва ижрочилар кўрсатилган амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни топширди.

Ташрифнинг иккинчи куни Мирзиёев Франция парламенти қуйи палатаси – Миллий ассамблеяси раиси Яэль Браун-Пиве билан учрашади, сўнгра Эммануэль Макрон билан музокаралар ўтказади. Икки давлат президентларининг Лувр ва Араб дунёси институтида очилган Ўзбекистон музей коллекциялари экспонатлари кўргазмаларига биргаликда ташриф буюриши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ