Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро туркий иқтисодий форумни ҳар йили ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда у 11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқандда бўлиб ўтаётган йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради «Фарғона» ахборот агентлиги мухбири.
«Мен ташкилотга аъзо давлатлар ва кузатувчилар, шунингдек, жаҳон бизнесининг етакчи вакиллари иштирокида ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форум ўтказишни таклиф қиламан. Форум доирасида «давлат ва бизнес» форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва давра суҳбатлари, инновацион лойиҳалар тақдимоти, кўргазмалар ўтказилиши катта амалий самара беради. Ҳар йили мазкур тадбирлар натижаларидан келиб чиқиб, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган «йўл хариталари»ни қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга», — деди Мирзиёев.
У, шунингдек, ТДТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси умумий ташқи савдо ҳажмининг атиги 4 фоизини ташкил этишини, қолган қисми учинчи давлатлар ҳиссасига тўғри келишини таъкидлади.
«Албатта, бундай аҳвол ҳеч биримизни қаноатлантирмайди», – деди Ўзбекистон президенти.
«Давлатларимиз орасида айрим импорт божхона тарифлари ҳам юқори бўлиб қолмоқда. Бу стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун, Ташкилотимиз доирасида «Янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини»ни барпо этиш ташаббусини илгари сурамиз», — деди Мирзиёев.
11 ноябрь куни Самарқандда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтмоқда. Тадбирда, шунингдек, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Халқ Маслаҳати Миллий Генгеш (Туркманистон парламентининг юқори палатаси) раиси Гурбангули Бердимуҳамедов (бу икки давлат ТДТда кузатувчи мақомига эга) иштирок этмоқда.
Илгари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) деб аталган Туркий Давлатлар Ташкилоти 2009 йил 3 октябрда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия ўртасида имзоланган Нахчиван келишуви асосида ташкил этилган. 2018 йили Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлди, Венгрия эса кузатувчи давлат мақомини олди. Туркманистон ташкилот билан ҳамкорликни 2021 йили бошлаган.