10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Украинанинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Николай Дорошенко билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
«Элчига Украина Мудофаа вазирлиги вакилининг амалдаги санкция чекловларини четлаб ўтиб, икки мақсадли маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида ОАВда тарқалган асоссиз баёноти муносабати билан жиддий хавотир билдирилди», — дейилади хабарда.
Украина томонидан ОАВда Ўзбекистонга оид нотўғри маълумотлар тарқатилишига йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украина томонининг расмий сўровлари келиб тушган тақдирда, уларни қизиқтирган масалаларни ўрганиш ва холис маълумот беришга тайёрлиги билдирилди.
Ўз навбатида, Элчи Н.Дорошенко Ўзбекистон томонининг хавотирлари ва учрашув натижаларини Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятига зудлик билан етказишини маълум қилди.
Учрашувга Украина Мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси вакили Вадим Скибицкийнинг Италиянинг La Repubblica нашрига берган интервьюсида Ўзбекистонни Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам бераётган давлатлар қаторига киритган баёнотлари сабаб бўлди.
«Россия Федерацияси Хитой ва Шимолий Кореяга, эҳтимол Қирғизистонга қурол-яроғ, хусусан, «Смерч» ва «Ураган» ЯОРС учун ўқлар етказиб бериш учун мурожаат қилган. Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар Россияга ракеталарни яратиш учун зарур бўлган Америка ва Япония компонентларини сотиш орқали санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермоқда», — дея Скибицкий сўзларини келтирган «Украина – Online».
Эслатиб ўтамиз, интервью 31 октябрь куни чоп этилган.
Бундан бир неча кун олдин украиналик журналист Дмитрий Гордон (РФда хориж агенти сифатида тан олинган) Эроннинг учувчисиз учоқлари Ўзбекистонда йиғилаётганини маълум қилганди. Унинг сўзлари Ўзбекистон Давлат мудофаа саноати ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан рад этилди.
Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги Украина раҳбариятидан Ўзбекистонга нисбатан Украина оммавий ахборот воситаларида икки томонлама муносабатларга путур етказиши мумкин бўлган асоссиз айбловлар ва бошқа ишончсиз маълумотларга йўл қўймасликни сўраган. Кўп ўтмай Гордон Эрон дронлари ҳақидаги суҳбатда Ўзбекистонни Тожикистон билан адаштириб қўйганини айтди.
Скибицкийнинг баёнотига Қозоғистонда ҳам муносабат билдирилди.
«Россияга ракеталарни яратиш учун зарур бўлган Америка ва Япония компонентларини сотиш ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Шу билан бирга, Қозоғистон ҳукумати 2023 йил 23 августгача ҳарбий/икки мақсадли маҳсулотларни экспорт/реэкспорт қилишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилганини таъкидлаш лозим», — дея жавоб берди Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги Tengrinews.kz берган сўровга.