Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган II Ўзбекистон иқтисодий форумида умумий қиймати 3,8 миллиард долларга тенг 62 та лойиҳа бўйича шартномалар имзоланди, деб хабар қилади Ўзбекистон Молия вазирлиги матбуот хизмати.
Битимлар хусусий секторни молиялаштириш, давлат-хусусий шериклик, бюджетни қўллаб-қувватлаш, таълим, энергетика, шаҳарсозлик ва саноатни комплекс ривожлантириш каби соҳаларни қамраб олади.
Форумнинг энг фаол ҳамкорларидан бири Осиё тараққиёт банки (ОТБ) бўлиб, у бир қанча шартномалар тузишда иштирок этди.
Хусусан, ОТБ Ўзбекистон Молия вазирлиги билан фаол контрцикл харажатлар орқали барқарорликни ошириш (BRACE) лойиҳаси доирасида 500 миллион долларлик кредит шартномасини имзолади.
«Лойиҳа Ўзбекистонга озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш, нархларни барқарорлаштириш, тадбиркорлик субъектлари, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва бандлик дастурларини амалга оширишга ёрдам беради», — дея изоҳ берди форум ташкилий қўмитаси.
Шунингдек, ОТБ Бухоро шаҳрида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилишда иштирок этади. Банк Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хўжалиги вазирликлари ва ДХШларни ривожлантириш агентлиги билан 100 миллион долларлик шартнома имзолади.
Молия вазирлиги ОТБ ва Жаҳон банки билан «Ўртача шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ҳар бири 100 миллион долларлик кредит шартномаларини имзолади.
Самарқанд шаҳрида 3-4 ноябрь кунлари «Одамлар – иқтисодий ислоҳотлар марказида» мавзуига бағишланган II Ўзбекистон иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Тадбирда турли мамлакатлардан 900 дан ортиқ ва Ўзбекистондан 600 га яқин делегатлар иштирок этди.
«Бир йил ичида бутун дунёдан 1500 дан ортиқ иштирокчини Самарқандда жамлаган форум минтақадаги энг йирик тадбирга айланди, 28 дан ортиқ панел муҳокамаларида фикр алмашилди. Бу кўрсаткич ўтган йили Тошкентда ўтказилган биринчи форумга нисбатан иштирокчилар ва сессиялар сони жиҳатидан икки баравар кўпдир. Икки кунлик очиқ ва самимий муҳокамалар мамлакатни ислоҳ қилишдаги йўл харитасидан тортиб, хусусийлаштириш, геосиёсат, гендер тенглиги, инсон қадр-қиммати ва мамлакат юксалишига қадар барча масалаларни қамраб олди. Олти йил олдин юзлаб хорижликлар иштирокида жонли эфирда гапириш тугул, бундай мавзуларни алоҳида муҳокама қилишнинг иложи йўқ эди», — дея форум модераторларидан бири Райан Чилкоутнинг сўзларидан иқтибос келтиради Kun.uz.