Ўзбекистон хавфсизлик кучлари Қорақалпоғистонда жорий йилнинг 1 ва 2 июль кунлари бўлиб ўтган намойишларни тарқатиб юбориш учун асоссиз равишда инсонни ўлдирадиган қуроллар ва бошқа кескин жавоб чораларини қўллаган. Бу ҳақда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW) маълум қилди.
«Хавфсизлик кучларининг ҳаракати, агар эҳтиёт чоралари кўрилмаса жиддий жароҳатлар ва ўлимга олиб келиши мумкин бўлган ўқ отиш қуроллари ва ҳар хил турдаги гранаталардан асоссиз равишда фойдаланишни қамраб олган. Камида 21 киши, жумладан 4 ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлган, 270 дан ортиқ киши жароҳат олган.
Ўзбекистон мазкур воқеалар, жумладан, хавфсизлик кучларининг ҳаракатлари юзасидан мустақил тергов олиб бориши керак. Ҳукумат оммани назорат қилиш контекстида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан гранаталарнинг айрим турларидан қандай фойдаланиш лозимлигини зудлик билан қайта кўриб чиқиши лозим», — дейилади ташкилот баёнотида.
HRW 1 июлдан 1 августгача ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Қорақалпоғистон пойтахти Нукусдаги воқеалар иштирокчилари ёки гувоҳлари томонидан суратга олинган 55 та видео ва норозилик намойишлари акс этган яна 31 та видео ва ўлдирилган ва яраланган намойишчилар ҳамда махсус техника ва қуроллардан фойдаланиш ҳолатлари акс эттирилган 30 та фотосуратни таҳлил қилгандан сўнг шундай хулосага келган.
Эслатиб ўтамиз, норозилик намойишларига (энг каттаси Нукусда бўлиб ўтган) Ўзбекистон Конституциясига Қорақалпоғистонни суверенитетдан маҳрум қилишни назарда тутувчи бир неча ўзгартиришлар киритиш таклифи сабаб бўлган. Намойишлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга келиб, одамлар ғазабига сабаб бўлган мазкур тузатишлар бекор қилинишини талаб қилганидан сўнг якунланди. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон пойтахтига армия ва Миллий гвардия бўлинмалари киритилди. Вазият барқарорлашганидан кейин улар олиб кетилди.
Расмий маълумотларга кўра, тарптибсизликлар чоғида 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Воқеа жойида 516 киши қўлга олинган, уларнинг аксарияти маъмурий жазога тортилган ва қўйиб юборилган. Ўзбекистон Бош прокуратураси 14 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Шавкат Мирзиёев Бош прокуратурага содир бўлган воқеаларни ҳар томонлама ва холис ўрганиш бўйича топшириқ берди, бунда хавфсизлик кучлари ҳаракатларини ҳар томонлама таҳлил қилиш, қонунга хилоф куч ишлатган тақдирда уларни жавобгарликка тортиш муҳимлигини таъкидланди.
15 июль куни Қорақалпоғистонда июль ойида содир бўлган воқеаларга ойдинлик киритиш мақсадида депутатлик комиссияси тузилди. Унинг таркибига 14 киши: мансабдор шахслар, депутатлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва экспертлар кирди. Комиссияга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова раҳбарлик қилмоқда. Комиссия ўз қарорини ҳали эълон қилмаган.
«Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил раҳбарлигида, айниқса, фуқаролик жамияти жалб этган ҳолда комиссия ташкил этилгани ҳукумат томонидан қўйилган муҳим қадамдир. Бироқ, мазкур комиссиянинг ўлим ва оғир жароҳатлар ёки хавфсизлик кучлари ходимларининг воқеалар пайтидаги хатти-ҳаракатларини, жумладан, улар қўллаган махсус техника ва қуролларни текшираётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу масалалар мустақил тергов учун марказий ўрин тутади, зеро унинг асосий мақсади — инсон ҳуқуқлари бузилган тақдирда жавобгарликни таъминлашдан иборат», — деб таъкидлайди HRW.