Тожикистон ва Ўзбекистон футбол жамоалари россияликлар билан ўйнашга келишиб олди

Россия терма жамоаси футболчилари. tass.ru сайти фотосурати

Тожикистон ва Ўзбекистон терма жамоалари РФнинг Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошлагани туфайли ФИФА қарори билан мусобақалардан четлаштирилган Россия терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувларини ўтказади. Бу ҳақда Championat.Asia хабар берди.

20 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйини бўлиб ўтади. Нашрнинг ёзишича, ўртоқлик учрашуви ўтказиш қарори «кучли сиёсий босим» остида қабул қилинган. Ким томонидан ва кимга қандай босим ўтказилганига Championat.Asia аниқлик киритмаган.

Ўзбекистон ва Тожикистон терма жамоалари мухлисларининг кўпчилиги россияликларга қарши бўлиб ўтадиган ўйинлар ҳақидаги маълумотни мамнуният билан қарши олишган.

Championat.com нашрининг аниқлик киритишича, Россия терма жамоаси иштирокидаги учрашувлар санаси якуний эмас, чунки Россия кубоги доирасидаги ўйинлар худди шу кунларда бўлиб ўтиши керак.

Шу йилнинг сентябрь ойи бошида Россия футбол иттифоқи (РФИ) Тожикистон ва Ўзбекистон футбол раҳбариятига ўртоқлик ўйинлари ўтказиш таклифи билан мурожаат қилгани, аммо рад жавоби берилгани хабар қилинганди.

«Спорт-Экспресс» хабарига кўра, РФИ жорий йилнинг ноябрь ойида Эрон ва Боснияга қарши ўтказилиши режалаштирилган иккита ўйин хавф остида қолгани учун Ўзбекистон ва Тожикистон билан учрашувлар ўтказиш ҳақида шошилинч қарор қабул қилган. Эрон «йиғилган учрашувлар жадвалида бўш санани тополмаган», Босния эса «жавоб беришда кечиккан». Таъкидлаш жоиз, босниялик етакчи футболчилар, жумладан Эдин Жеко ва Миралем Пьянич Россия терма жамоаси билан ўйнашга қаршилик кўрсатишганди.

Махсус ҳарбий операция (МҲО) бошланганидан сўнг ФИФА ва УEФАнинг Россия футболига қарши қўллаган санкцияларига кўра, Россиянинг барча клублари ва жамоалари, жумладан, аёллар ва ёшлар ҳам барча расмий мусобақаларда иштирок этишдан маҳрум этилади. Дунёдаги баъзи футбол жамоалари ўртоқлик ўйинларига ҳали санкциялар таъсир қилмаган бўлмаса-да, россияликларга қарши майдонга тушишни принципиал рад этишади.

МҲО бошлангандан кейин руслар ўйнаган ягона жамоа Қирғизистон терма жамоаси бўлди. Ёшлар жамоалари даражасида Қозоғистон россияликлар билан учрашув ўтказишга розилик берган.