Японлар Тожикистон қишлоқларидан бирида салкам 100 минг долларга тез тиббий ёрдам пункти қурдилар

Навкентдаги тиббиёт пунктие.asiaplustj.infoсайти фотосурати

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Шаҳристон тумани Навкент қишлоғида Япония ҳукумати молиявий кўмагида барпо этилган тиббиёт пункти фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Азия-Плюс» хабар берди.

Лойиҳа Япония ҳукуматининг аҳоли ва инсон хавфсизлигини таъминлаш учун бепул ёрдам дастури (GGP) доирасида амалга оширилган.

Нашрнинг аниқлик киритишича, лойиҳа амалга оширилгунга қадар Навкент қишлоғидаги тиббиёт пункти «хароб аҳволда» бўлган. Энди қишлоқ аҳлига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатилади, одамлар «кенг ва хавфсиз шароитларда» даволанадилар.

Японияликлар тез тиббий ёрдам пункти қурилиши учун 96,77 минг доллар миқдорида грант ажратди.

Қишлоқ врачлик пунктининг очилиш маросимида вилоят ва туман раҳбариятидан ташқари, Япониянинг Тожикистондаги элчиси Тошихиро Айки, Тожикистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги директори Гулнора Ҳасанзода, Монополияга қарши хизмати раҳбари Абдулмажид Мўъминзод иштирок этган.

Япония ҳукуматининг аҳоли ва инсон хавфсизлигини таъминлаш учун бепул ёрдам дастури (GGP) асосан ривожланаётган мамлакатлардаги маҳаллий ҳукуматлар, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда халқаро ноҳукумат ташкилотларига тақдим этилади.

1996 йилдан бери аҳолининг кенг қатламига беғараз ёрдам бериш ва гуманитар хавфсизлик доирасида Япония ҳукумати Тожикистонни ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 36,7 миллион доллар бўлган 447 та гуманитар лойиҳани, жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги 105 та лойиҳани қўллаб-қувватлаган.