30 сентябрь куни Кобул ғарбидаги «Каж» таълим марказига уюштирилган ҳужум қурбонлари сони 43 кишига етган, 83 киши жароҳат олган. Бу ҳақда душанба куни БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси Twitterдаги саҳифасида маълум қилди.
«Қурбонларнинг аксарияти қизлар ва жувонлардир. Қурбонлар сони ортиши мумкин. Кобулдаги БМТ ташкилотининг инсон ҳуқуқлари гуруҳлари текшириш жараёнини давом эттирмоқда», — дейилади миссия баёнотида.
Бундан олдин ташкилот портлаш оқибатида 35 киши қурбон бўгани, 82 нафар инсон жароҳат олганини маълум қилганди.
«Каж» шиалар яшайдиган Дашт ал-Барши ҳудудида жойлашган. Кобул полицияси матбуот котиби Холид Задраннинг айтишича, ҳужум 30 сентябрь куни эрталаб соат 7:30 (Москва вақти билан 6:00) атрофида, талабалар имтиҳонларга тайёргарлик кўриш учун марказга йиғилган пайтда содир бўлган. Хавфсизлик манбасига кўра, худкуш-террорчи қўриқчини отиб ўлдирган, синф хонасига бостириб кирган ва портловчи белбоғни ишга туширган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) 1 октябрь куни ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. «Кобул ғарбидаги таълим марказида содир этилган қабиҳ террорчилик хуружи оқибатида ўнлаб инсонлар, асосан, қизлар ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Яна рўй берган зўравонлик ҳаракатларни кескин қоралаган ҳолда, мазкур ёвуз ва ғайриинсоний хуруж ташкилотчилари ҳамда ижрочиларини аниқлашда барча зарур чораларни кўришга чақирамиз»— дейилади Ўзбекистон вазирлиги хабарида.
Сўнгги ойларда Афғонистоннинг айрим вилоятларида, жумладан, пойтахт ҳудудида қатор портлашлар, қуролли ҳужумлар ва отишмалар рўй берди, уларнинг қурбонлари «Толибон»* радикал ҳаракати тарафдорлари, ҳам тинч аҳоли бўлди. «Ироқ ва Шомдаги Ислом Давлати» (ИШИД)* террорчилик ташкилотининг Афғонистондаги бўлими бўлган «ИШИД-Хуросон»* ушбу террорчилик ҳужумларининг аксарияти учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).