АҚШ ўзбек пахтасини болалар ва мажбурий меҳнат эвазига ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқариб ташлади

zondnews.ru сайти фотосурати

Ўзбек пахтаси АҚШ Меҳнат вазирлигининг Халқаро меҳнат масалалари бюроси томонидан ҳар йили эълон қилинадиган болалар ёки мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг янги рўйхатига киритилмаган. Бу ҳақда АҚШ департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Янги рўйхат 32 та маҳсулот билан тўлдирилган, умумий позициялар сони 77 мамлакатдан 158 та маҳсулотни ташкил этади.

Ўзбекистоннинг ушбу рўйхатдан чиқарилиши ўзбек пахтаси ва ундан тайёрланган маҳсулотларни АҚШга олиб киришга қўйилган расмий чекловларни бекор қилади.

«Дунё» ахборот агентлигига кўра, Ўзбекистон элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги ҳисоботда («TDA Report») Ўзбекистон 2011 йилдан бери биринчи марта болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар самарадорлиги бўйича «сезиларли тараққиёт»нинг энг яхши тоифасига кирди.

Ўзбекистон 2011 йилда «болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича давлат томонидан ҳеч қандай муҳим саъй-ҳаракатлар қабул қилинмаган» 4-тоифага киритилган эди. 2018 йилда АҚШ идораси қарори билан Ўзбекистон «ўртача тараққиёт» билан 2-тоифага ўтказилди. Ҳисоботга кўра, бу йил 131 давлат ичида Ўзбекистон «сезиларли тараққиёт» мақомига сазовор бўлган 9 та давлат қаторидан жой олди.

Баҳолаш болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқловчи қонунлар ва меъёрий ҳужжатларнинг мавжудлигига, шикоятларни кўриб чиқиш ва бундай ҳуқуқбузарликларни текширишнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва институционал механизмларига, болалар меҳнатининг энг оғир шаклларига жалб этилишининг олдини олишга қаратилган ижтимоий дастурларнинг амалга оширилишига асосланади, шунингдек бу йўналишдаги давлат сиёсати самарадорлиги инобатга олинади, деб эслатади «Дунё».

Материалда таъкидланишича, республикага ушбу мақомнинг берилиши халқаро стандартларга тўла мос равишда «болаларни тижорат мақсадида жинсий эксплуатация қилиш» учун жиноий жавобгарлик белгиланиши ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши туфайли эришилди. Жиноят кодексида ҳам мажбурий ва болалар меҳнати учун жазо кучайтирилган. Жумладан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан:

👉 болаларни тижорат мақсадида жинсий эксплуатация қилиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиб, уни халқаро стандартларга тўлиқ мослаштирган қонун қабул қилинди;

👉 Мажбурий ва болалар меҳнати, шу жумладан унинг энг оғир шакллари учун жазони қатъийлаштириш, болалар меҳнати соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарликни жорий этиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилди;

👉 ипак саноатида болалар меҳнатига оид даъволарни баҳолаш бўйича тадқиқот ўтказилди;

👉 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги «Мувофиқ меҳнат» Давлат дастурини имзолади;

👉 пахта теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш бўйича тушунтириш ва таъқиқларни амалга оширишда давом этди.

«Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам қисқа вақт ичида таъсирчан тараққиётга эриша олган давлатга айланмоқда, – деди АҚШ Меҳнат вазирлигининг Болалар ва мажбурий меҳнат ҳамда одам савдоси бошқармаси (ILAB) раҳбари Марсиа Еуженио.

Шу билан бирга, Ўзбекистонга оид материалда таъкидланганидек, мамлакатда болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда, жумладан:

❌ болаларни тижорат мақсадларида жинсий эксплуатация қилиш, баъзан одам савдоси натижасида;

❌ қишлоқ хўжалигида, жамоат ишларида, қурилишда, боғлар, кўчалар ва биноларни тозалашда болалар меҳнатидан фойдаланиш;

❌ ноқонуний фаолият, жумладан, ўғирлик, гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ёки савдосига жалб этиш.

Ўзбекистон ҳукумати пахта йиғим-теримидаги меҳнат муаммоларини ҳал қилишда сезиларли муваффақиятларга эришган бўлса-да, кенгроқ меҳнат масалаларини ҳал этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолиятида ҳали ҳам тўсиқлар мавжуд. Мақолада айтилишича, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ННТ ва фуқаролик жамияти ташкилотлари, жумладан, мажбурий ва болалар меҳнати масалалари билан шуғулланувчилар кўпинча бюрократик сабабларга кўра, баъзан эса рўйхатга олиш талабларига жавоб бермагани учун расмий рўйхатдан ўтишдан бош тортадилар.

Бундан олдин, жорий йилнинг март ойида Cotton Campaign халқаро коалицияси ўзбек пахтасига жорий этилган глобал бойкотни бекор қилишини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ