Қўполлиги учун вилоят раҳбари жаримага тортилди, бешта туман ҳокими ишдан бўшатилди

Тўра Боболов. Xabar.uz сайти фотосурати

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ўз қўл остидаги ходимларига нисбатан одобсиз муносабатда бўлгани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ўз фаолиятини давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ташкил этмагани, ҳокимларга қўйиладиган талабларга риоя этмасдан мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилганлиги ва бу билан кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлгани учун Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболовга жарима интизомий жазо чораси қўлланилди», — дейилади хабарда.

ЎзАнинг аниқлик киритишича, жарима Боболов маошининг 40 фоизини ташкил қилади. «Газета.uz»нинг эслатишича, ижтимоий тармоқларда Боболов қўл остидагиларни қўпол равишда сўкаётган аудиоёзувлар бир неча бор пайдо бўлган. Вилоят ҳокимлиги аудиоёзувнинг ҳақиқийлигини тан олган ва ҳокимнинг қўполлигини суҳбатлар танқидий бўлгани ва «асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлгани» билан изоҳлаган.

Деярли бир вақтда Шерзод Асадов учта вилоятдаги бешта туман ҳокимларини ишдан бўшатиш ҳақидаги Президент қарорини эълон қилди.

Андижон вилояти Асака тумани ҳокими Мансурбек Алихонов ва Фарғона вилояти Фарғона тумани ҳокими Шуҳратжон Мўминов ер муносабатларини тартибга солишга доир қонун ҳужжатлари талабларини бажармаганлиги ва бошқа жиддий қонунбузарликларга йўл қўйгани учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Пахтаобод тумани ҳокими Элербек Усмонов, Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев (иккаласи ҳам Андижон вилоятидан) ҳамда Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокими Шерали Йўлдошев давлат хизматчиси одоб-ахлоққа тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатлари ва бошқа камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Абдужаббор Эгамбердиев одамларни қабул қилмоқда. Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Kun.uz хабарига кўра, ҳокимларни ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинишидан аввал Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов видеоселектор йиғилишида нутқ сўзлаган.

«Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, баъзи вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлик ёки идораларнинг масъул раҳбарлари ўзларини гўё хонлардек тутиб, тўрачилик кайфиятига берилиб кетганлар айрим вазирлар ва ҳокимларнинг оёғи ердан узилиб қолган», – деган Умурзоқов.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ