Ўзбекистон президенти Администрацияси бешта соҳани ривожлантириш бўйича таклифларни йиғади

Шавкат Мирзиёев ва Сардор Умурзоқов. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Администрацияси (ПА) томонидан фуқаролардан мамлакатни ривожлантиришнинг бешта асосий йўналиши бўйича таклифларни йиғиш мақсадида taklif2023.uz сайти ва Telegram-бот @taklif2023_bot яратилди.

«Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатни ривожлантириш юзасидан бешта асосий вазифани белгилаб берди. Президент Администрациясида тузилган ишчи гуруҳ барча йўналишлар борасидаги таклифларингизни қабул қилишга тайёр», — дейилади ПА хабарида.

Йўналишлар рўйхатида «таълим», «суд-ҳуқуқ тизими», «тадбиркорлик», «тиббиёт», «сув таъминоти» ва «бошқа йўналиш» каби олтита банд кўрсатилган.

Таклифлар исм, фамилия ва телефон рақамини кўрсатган ҳолда ўзбек (кирилл ёки лотин алифбосида) ва рус тилларида қолдирилиши мумкин.

Ушбу хабарни ёзилаётган пайтда сайтда 2441 та таклиф қолдирилган, уларнинг аксарияти (913 таси) таълим соҳасига тегишли эди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июль ойида Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари этиб аввали Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимида ишлаб келган Сардор Умурзоқов тайинланган эди. Унинг келиши билан ПА жамоатчилик фикрига кўпроқ жавоб бера бошлади.

Хусусан, Тошкент шаҳрида ўнлаб дарахтларнинг илдизларига зарар етказилиши билан боғлиқ воқеа кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлганидан сўнг Умурзоқов йиғилиш ўтказди ва унда Чилонзор тумани раҳбарлари фаолияти кескин танқид қилинди. Натижада Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва туман прокурори Иззат Бозоров эгаллаб турган лавозимидан маҳрум этилди, Ўзбекистон пойтахти ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва шаҳар прокурори Улуғбек Қосимовга ўз вазифаларига масъулиятсиз муносабатда бўлганликлари учун танбеҳ берилди.

Сентябрь ойи бошида ўзбек ижтимоий тармоқларида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири дарсликлар ижараси нархининг ошиши бўлган эди. Президент Шавкат Мирзиёевга халқ норозилигига доир хабар берилганини унинг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди. Давлат раҳбари зудлик билан ижара ҳақини текин қилиш бўйича топшириқ берди, Умурзоқов йиғилиш ўтказиб, дарсликларни тайёрлаш, чоп этиш ва тарқатишда коррупцион схемаларга йўл қўймаслик кераклигини таъкидлади.