Ўзбекистон президенти Қашқадарё вилоятида қиймати 6 миллиард долларлик 161 та лойиҳани ишга туширди

wikimedia.org сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида умумий қиймати 6 миллиард доллардан ортиқ бўлган 161 та лойиҳани ишга туширди. Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, 69 та лойиҳа фойдаланишга топширилган, яна 92 та объект қурилиши бошланган.

Бугун республиканинг ушбу ҳудудида ишга туширилаётган 28 та саноат корхонасида қарийб 7 мингта доимий иш ўрни яратилмоқда. Жумладан, Италиянинг Cotonella бренди бу ерда йилига 8,5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Касби, Миришкор ва Косон туманларида тўқимачилик соҳасида яна 14 та лойиҳани амалга ошириш бошланди. Бу лойиҳалар натижасида 18 минг нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланади.

Қишлоқ хўжалиги ҳам ривожланмоқда. Масалан, Ўзбекистон ва АҚШнинг Wosune Food Ingredients Karshi қўшма корхонаси 3,5 минг гектар майдонда етиштирилган 100 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашни режалаштирмоқда. Экспорт салоҳияти 40 миллион долларга баҳоланмоқда. Бунда Қашқадарёдан Nestle ва Purina каби машҳур савдо брендлари учун маҳсулотлар етказиб бериш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Миср ва Покистон инвесторлари Нишон ва Ғузор туманларида 24 минг гектар ерни ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширишга киришмоқда. Лойиҳа доирасида картошкачилик ва чорвачиликни ривожлантириш режалаштирилган.

Президент таъкидлашича, «яшил» иқтисодиёт ҳудуд тараққиётининг мустаҳкам асосига айланиши керак. Бу борада бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Оқсув дарёсида умумий қуввати 24 мегаватт бўлган учта гидроэлектр станцияси фойдаланишга топширилди. Қарши туманида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда қиймати 150 миллион доллар бўлган чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш заводини жорий йил охиригача ишга тушириш режалаштирилган. Китоб, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида умумий қуввати 58 мегаватт бўлган тўққизта кичик ГЭС қурилади.

Шунингдек, Китоб туманида олтин қазиб олиш лойиҳаси ишга туширилди. Бу ерда Ўзбекистоннинг ҳамкорлари Озарбайжон тадбиркорларидир.

Шаҳрисабз туманида эса россиялик инвесторлар билан 300 миллион долларлик дор йўли, меҳмонхона ва тоғ-чанғи курорти мажмуасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Ҳудуд иқтисодиёти ҳақида гапираркан, Мирзиёев 2027 йил Қашқадарёни замонавий саноат ва агротехнологиялар асосида ривожлантириш йили бўлишини таъкидлади.

Янги лойиҳаларни ишга тушириш маросимида президент сўнгги беш йил давомида вилоятга 20 триллион сўм (тахминан 1,7 миллиард доллар) йўналтирилгани ва 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинганини қайд этди. Ҳудудда хомашёни чуқур қайта ишлашга ихтисослашган минглаб корхоналар иш бошлади, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса уч баравар ошди.

«Энди етиштирилган маҳсулотни вилоятнинг ўзида чуқур қайта ишлаб, воҳа аҳолисининг муносиб даромад топишига шароит яратиш керак», — дея хулоса қилди Мирзиёев.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг қўшимча қилишича, Қашқадарёга ташриф давомида президент эркин иқтисодий зонадаги тўқимачилик кластери фабрикаси, Nasaf бренди остида қишлоқ хўжалиги техникасини йиғишга ихтисослашган Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхона фаолияти билан ҳам танишди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ