Тошкентда Сардоба сув омборининг барпо этилишига масъул бир гуруҳ шахсларга нисбатан ҳукм ўқилди

Qalampir.uz сайти фотосурати

Тошкентда 2020 йил май ойида тўғони ўпирилиб кетган Сардоба сув омборини лойиҳалаш ва қуришда иштирок этган бир гуруҳ шахслар судланди.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабарига кўра, ҳукм 12 сентябрь куни эълон қилинган. Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўғирлик»), 209 («Мансаб сохтакорлиги»), 243 («Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш») ва 258 («Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш») моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Хабарда жиноят иши бўйича судланувчиларнинг исмлари, фамилиялари ёки бош ҳарфлари кўрсатилмаган.

Бир судланувчи 10 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Қолган икки нафари беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, ҳар бирига 550 ва 600 БҲМ (мос равишда 165 миллион ва 180 миллион сўм – 15 минг доллар ва 16 300 доллар эквиваленти) жарима тўлашга мажбур бўлади.

Икки айбланувчи 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди ва 550 БҲМ жаримага тортилди. Яна бири уч йилга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ва 600 БҲМ миқдорида жаримага тортилди. Қолган судланувчилар 400 дан 550 БҲМ миқдорида жарима тўлашлари керак бўлади.

Барча маҳкумлар раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан — уч йил муддатга маҳрум этилади.

2021 йил май ойида тўғон бузилиши иши бўйича 17 айбланувчига нисбатан ҳукм эълон қилингани хабар қилинганди. Судланувчиларнинг олти нафарига реал муддатлар берилди, бирига озодликдан чеклаш жазоси тайинланди, қолганлари озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинди.

2020 йил 1 май куни эрта тонгда Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиб кетди. Сув тошқини натижасида 100 га яқин кўп қаватли уй қисман вайрон бўлган, қарийб 90 минг киши эвакуация қилинган, 50 дан ортиқ киши тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган, олти киши ҳалок бўлган. Сув оқими туфайли Қозоғистоннинг Туркистон вилоятининг чегарадош Мактарал туманидаги 10 та аҳоли пункти ҳам сув остида қолган. Бош прокуратуранинг билдиришича, сув омбори тўғонининг ёрилишига объектнинг лойиҳа ҳужжатлари, қурилиши ва эксплуатациясидаги хатолар сабаб бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ