Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги қуролли тўқнашув туфайли Тожикистонга норозилик нотаси юборди

"ОЗОДИ" САЙТИ АРХИВ ФОТОСУРАТИ

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги қуролли можаро туфайли Тожикистон вакилларига норозилик нотасини топширди.

«2022 йил 16 сентябрда тожик томони аввали эришилган барча келишувларга қарамасдан, қуролли кучлар, оғир ҳарбий техникалардан фойдаланган ҳолда қўшинларини Қирғизистон чегарасига сафарбар қилиб, Қирғизистон Республикаси Боткен вилоятининг Боткен ва Лейлек туманларидаги қирғиз-тожик давлат чегарасининг бутун периметрида чегара ва фуқаролик объектларига ҳужум қилди»,— дейилади Қирғизистон ТИВ хабарида.

Қирғизистон барча келишувларга қатъий риоя қилишни, ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий қисмларни олиб чиқишни, чегара ҳудудларида вазиятнинг кескинлашувига олиб келадиган вазият яратмасликни талаб қилди. Ташқи ишлар вазирлиги чегарада юзага келадиган барча муаммоларни фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилиш кераклигини таъкидлади.

Норозилик нотасини тақдим этишдан аввал икки давлат Ташқи ишлар вазирлари – Жеенбек Кулубаев (Қирғизистон) ва Сирожиддин Мухриддин (Тожикистон) ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни тартибга солиш масаласи муҳокама қилинди. Қирғизистон томони чегарадаги муаммоларни фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарурлигини яна бир бор таъкидлади», — дейилади Қирғизистон ТИВ хабарида.

Ушбу хабар ёзилиши пайтида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги вазият ва уни ҳал қилиш чоралари ҳақида расман ҳеч нарса эълон қилмаган.

Тожикистон миллий ахборот агентлиги «Ховар» республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот марказининг пресс-релизларини эълон қилди. Унда айтилишича, қирғиз томони чегарадаги қуролли можароларни давом эттирмоқда ва муаммони музокаралар йўли билан ҳал қилишдан қочмоқда.

«Бундан ташқари, Қирғизистон томони интернет орқали Тожикистон Республикасини асоссиз можарони давом эттираётганликда айбламоқчи. Қирғиз оммавий ахборот воситаларида шахси номаълум. қора кийимдаги соқолли жангчилардан фойдаланилгани ҳақидаги провокацион хабарлар тарқатилмоқда, табиийки, бу ҳақиқатдан йироқ. Айнан қирғиз ҳарбийлари махсус бўлинмалардан фойдаланмоқда, бу исботланган факт», — дейилади Тожикистон чегара қўшинлари хабарида.

Матбуот марказида айтилишича, Исфара шаҳридаги Боғистон ва Лакон аҳоли пунктларида қирғиз махсус кучлари «тинч аҳоли уйларига қуролли ҳужум уюштирган, турар-жой бинолари ва ёрдамчи иншоотларга ўт қўйган».

Тожикистон томонига кўра, қирғиз ҳарбийлари тинчлик музокаралари бўйича таклифларни эътиборсиз қолдирмоқда.

«Тожикистон Республикасининг тегишли органлари икки марта – соат 06:30 ва 07:30 да бир томонлама ўт очишни тўхтатиш чораларини кўрдилар ва музокаралар ўтказишни таклиф қилди, бироқ Қирғизистон Республикаси ҳарбий хизматчилари бу таклифларни эътиборсиз қолдирдилар ва барча турдаги қурол ва ҳарбий техникалар билан Тожикистон аҳоли пунктларини шиддатли ўққа тутдилар», — дейилади Чегара қўшинлари матбуот маркази хабарида.

«Тожикистон чегарадаги можарони музокаралар ва дипломатия йўли билан ҳал этиш тарафдори бўлган ва ўз позициясида қатъийдир»,дейилади Чегара қўшинлари хабарида.

Тожикистон томони чегарадаги қуролли можаролар қурбонлари ҳақида ҳозирча маълумот бермаган. Айни вақтда Kloop нашри Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, 18 нафар ярадор Боткен вилояти бирлашган касалхонасига ётқизилганини хабар қилди.

Айни пайтда Бишкекдаги Қирғизистон парламенти биноси олдида Боткен қишлоқларини ўққа тутишни тўхтатиш, хавфли ҳудуддан қариялар ва болаларни эвакуация қилишни талаб қилиб, митинг ўтказилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ