Тожик-қирғиз чегарасидаги отишмалар туфайли Боткен вилояти аҳолисини эвакуация қилиш ишлари бошланди

Минометлардан ўққа тутилган Самарқандек қирғиз қишлоғи. Ижтимоий тармоқ фотосурати

16 сентябрь куни эрталаб Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг бир қанча участкаларда отишмалар содир бўлди. Вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан Боткен вилоятининг чегарага яқин қишлоқларини эвакуация қилиш бошланди, деб хабар беради 24.kg.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара хизмати маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан тахминан соат 6:00да (Москва вақти билан 3:00) Тожикистон томони Қирғизистон томонининг Эки-Тош, Чир-Добо, Қум-Мозор ва Орто-Бўзнинг чегара отрядлари ва ҳудудлардаги позицияларини ўққа тута бошлаган. Орадан бироз вақт ўтгач, Тожикистон томони Боткен чегара отрядининг Кўк-Тош чегара постининг масъул ҳудудини миномётдан ўққа тута бошлаган. 07:15 (Москва вақти билан 4:15) да тожикистонлик ҳарбий хизматчилар «Самарқандек» чегара постини ўққа тута бошлашган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Тожикистон билан чегарада отишмалар ҳамон давом этмоқда. Қирғизистонда Тожикистон армияси танклар, бронетранспортёрлар, пиёда аскарларнинг жанговар машиналари ва миномётлардан фойдаланаётгани хабар қилинган. Тўқнашувлар бутун периметр бўйлаб Қизил-Бел, Кўк-Тош, Тамдиқ, Дўстуқ қишлоқлари, Торт-Кўчо участкасида бўлиб ўтмоқда.

Қирғизистон томонининг камида тўрт нафар ҳарбий хизматчиси яраланган. Чегара қишлоқлари аҳолиси эвакуация қилинмоқда. Боткен вилояти раҳбари Абдикарим Алимбоев ҳозир воқеа жойида.

Тожикистон маълумотларига кўра, 16 сентябрь куни эрта тонгда Қирғизистоннинг Боткен чегара отряди «Кўктош» пости ҳарбий хизматчилари оғир қуроллардан фойдаланиб, Тожикистоннинг «Исфара» чегара отрядининг «Душанбе» постига қарата ўқ узган.

«Шу билан бирга Қирғизистон ҳарбий хизматчилари оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда Исфара шаҳрининг Хўжаи Аъло, Қуммазор, Сурх, Сомониён, Кўлканд, Бобожонғофуров туманининг (Сўғд вилояти) Хистеварз ва Овчиқалача қишлоқларига ҳужум қилди», — дейилади хабарда. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар берди.

Тожик томонидан ҳалок бўлганлар ва ярадорлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров айни дамда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити бўлиб ўтаётган Ўзбекистонда бўлиб турибди. 16 сентябрь куни улар ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг йиғилишида иштирок этишади.

Тожик-қирғиз чегарасида вазиятнинг аввалги кескинлашуви 14 сентябрь куни содир бўлганди. Натижада икки тожик аскари ҳалок бўлган, 11 киши яраланганди. Яраланганлар орасида 6 нафар чегарачи ва 5 нафар маҳаллий аҳоли бор. Қирғизистон томони икки нафар ҳарбий хизматчиси яралангани ҳақида хабар берди.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг белгиланмаган участкаларида бундай тўқнашувлар тез-тез содир бўлмоқда. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара узунлиги 976 км бўлиб, шундан бор-йўғи 600 кмга яқини делимитация қилинган. Вақти-вақти билан чегара ҳудудлари аҳолиси ўртасида баҳсли ҳудудлар бўйича низолар келиб чиқади ва уларга кўпинча ҳарбий хизматчилар жалб қилинади. Барча ҳолатларда томонлар бир-бирини низо қўзғатганликда айблайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ