Нолегал такси ҳайдовчилари («бомбиллалар») Тошкент халқаро аэропортида расмий такси хизмати пайдо бўлиши муносабати билан уларнинг ишига қўйилган чекловларга норозилик билдирган ҳолда бир неча провокациялар уюштиришди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева маълум қилди.
Расмий такси 12 сентябрдан иш бошлаган. Ўша куни «бомбиллалар»дан бири аэропортга киритишдан бош тортган қўриқчини уриб юборган. 14 сентябрь куни ноқонуний таксичилар терминалга расмий такси хизмати автомобиллари кириш йўлини тўсиб қўйишган. Улар аэропорт раҳбариятидан ўзларига бепул автотураргоҳ ажратишни ёки фаолиятини давом эттиришлари учун уларни аэропорт ҳовлисига киритишларини талаб қилишган. Аэропорт ходимлари ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиб, «бомбилалар»га қарши чора кўришни ва аэропорт ҳовлисида жамоат тартибини таъминлашни сўраб ариза ёзганлар.
Жўраеванинг таъкидлашича, аэропортларда такси ҳайдовчилари билан боғлиқ муаммо дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавжуд.
«Ҳаддан ташқари қиммат, қўпол ҳайдовчилар, эски машиналар, одатда газда ишлайдиган автомобиллар эса аэропортда қатъиян тақиқланган. Булар гоҳида йўловчиларнинг қўлидан тортиб, кўп ҳолларда қиммат нарх айтиб , ўзини қўпол тутувчи “бомбилалардир». Биз бундай машиналарга тўғридан-тўғри келиш терминалининг зинапоясигача боришга рухсат бера олмаймиз. Бу нафақат мамлакатнинг салбий имиджи, балки йўловчилар хавфсизлигига таҳдиддир», — деди Uzbekistan Airports раҳбари.
Жўраеванинг фикрига кўра, муаммонинг ягона ечими — расмий такси хизматига ўтишдир.
«Шу билан бирга, шуни тушуниш керакки, аэропортнинг расмий таксиси шаҳардаги такси каби нарх қўя олмайди, чунки у ҳеч бўлмаганда бензинда ишлайди, юқори сифатли хизмат кўрсатади ва фақат аэропортга хизмат қилади», — деб тушунтиради Жўраева.
Янги Taxi Airport Tashkent бренди туширилган, фақат бензинда ишловчи ва багаж хонаси кенг бўлган автомашиналар ҳозир тўғридан-тўғри келиш терминалидан чиқиш жойида туради. Йўловчи такси хизмати учун тўловни нақд (миллий валютада) ёки нақд пулсиз (UzCard, Humo, Visa, Mastercard, МИР карталари) амалга ошириши мумкин.
Агар йўловчи расмий такси хизматларидан фойдаланишни истамаса, у бошқа исталган таксини йўл юзига ёки такси келиши учун дастлабки 10 мутлақо бепул бўлган, автотураргоҳга чақириши мумкин
«Бундан ташқари, йўловчилар ва ҳайдовчиларга қулайлик яратиш мақсадида яқин кунларда йўл бўйлаб такси ва йўловчилар учрашадиган жой мавжудлигидан далолат берувчи катта белги пайдо бўлади. Учиб кетиш терминалида ҳеч қандай чекловлар йўқ. Бир йил илгари таксилар, автомобиллар ва сайёҳлик автобуслари учун эстакадага бепул кириш очилган. Шунингдек, реконструкция қилинган учта автотураргоҳ барча ҳоҳловчилар учун очиқ, у ерда автомобилни бир неча соат ёки бир неча кунга қолдириш мумкин», — деди Раъно Жўраева.
Расмий такси хизматлари Е-auksion.uz. платформасида очиқ савдолар орқали танлаб олинган Bobur Diyor томонидан тақдим этилади. Uzbekistan Airports компанияси вақт ўтиши билан йўловчилар оқими ортиб бориши билан такси хизматларини кўрсатувчи бир нечта компанияларни танлаш зарурати пайдо бўлишини тушунади.
«Шу билан бирга, аэропортда расман фаолият юритувчи такси хизматига қўйиладиган талаблар ҳамиша хавфсизлик даражасини ҳам, хизмат кўрсатиш даражасини ҳам ҳисобга олган ҳолда юқори», — деди Жўраева.
Компания нафақат Тошкентда, балки вилоятларда ҳам ноқонуний такси ҳайдовчиларига қарши охиригача курашиш ниятида.
«Муҳими, ҳозир ҳуқуқ-тартибот идоралари бизни қўллаб-қувватлаши. Аэропортнинг ўзи бу муаммони еча олмайди», — дея қўшимча қилди бошқарув компанияси раҳбари.
Таксига буюртма бериш учун йўловчилар қабулхонада ўрнатилган пештахтага бориб, манзилни кўрсатиши керак. Менежер, тариф бўйича километрни ҳисоблаб, саёҳат нархини айтади, йўловчи жойида тўлайди (нақд ёки нақд пулсиз шаклда) ва манзил ва тўланган суммани кўрсатган ҳолда, терминалдан чиқиб кетади ва биринчи турган машинага ўтиради. Шунингдек, йўловчи пештахтани четлаб ўтиб биринчи машинага ўтирган ҳолда такси хизматларидан фойдаланиши ҳам мумкин.
Аэропортда ишлаш учун компания бир нечта тарифларни жорий қилган: «Комфорт», «Бизнес», «Люкс» ва «Премиум». «Комфорт» тарифидаги автомашиналар мижозларни биринчи қаторда кутади, қолганлари эса иккинчи қаторда ёки йўловчининг илтимосига биноан юқорига чиқади. Саёҳатнинг минимал нархи 30 000 сўм (2,7 АҚШ доллари) бўлиб, унга кутиш ва уч километрлик йўл киради.