Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар киноси кунларининг очилиш маросими бўлди

Инна Шалито, Фирдавс Абдуҳолиқов ва Маҳмадсаид Шоҳиён. Ташкилотчи фотосурати

«Ўзбекфильм»нинг кичик павильонида «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг бошланиши арафасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мамлакатлари кино кунларининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлари – Ҳиндистон, Покистон, Мўғулистон, Эрон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон, шунингдек ҳамкор ва кузатувчи давларлар кино санъати вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов табрик сўзи билан маросимни очди. У форум меҳмонлари ва иштирокчиларини қутлаб, ШҲТга аъзо давлатлар кино кунларини ўтказиш тўғрисидаги қарор тасодифий эмаслигини, бу мазкур ташкилотнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган саммити билан боғлиқлигини таъкидлади.

«Бугунги кунда Ўзбекистон учун яхши қўшничилик ва ҳамкорлик масалалари жуда муҳим. Бу Республика президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатидир. ШҲТ мамлакатлари киноижодкорлари учун шериклик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган алоҳида дастур тайёрланди. Кинофестиваль арафасида халқларимиз учун кўпроқ қўшма лойиҳалар борасида келишиб олишни истаган бўлардик. Бу ерга йиғилган кино ижодкорларининг асосий вазифаси мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдан иборат. Кинофестивалимизнинг шиори «Тинчлик, тараққиёт ва маърифат» деб бежиз аталмаган. Мана шу уч тушунча фестивалнинг ўзагини ташкил этади», — деди Абдухолиқов.

У кинофестивал доирасида режалаштирилган маърифий дастурнинг аҳамиятини таъкидлаб, меҳмонлар ва иштирокчиларни ўз тажрибаларини ёш авлод билан ўртоқлашишга чақирди.

«Ёш авлодимизни қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Ўзбекистон ёшлар мамлакати. Тошкент кинофестивали арафасида 1500 нафар ёшлар учун тренинглар ва маҳорат сабоқлари ўтказилади. Шунингдек, кинофестивал доирасида дунёнинг 20 та кино мактаби талабалари иштирок этадиган «Кино беш кунда» танлови ҳам ўтказилмоқда. Ҳозир бу йигитлар Ўзбекистоннинг турли жойларида бўлиб, ўз фильмларини суратга олишмоқда», — дея эслатди Абдуҳолиқов.

Шунингдек, делегациялар раҳбарлари ва аъзолари қутлов сўзлари билан чиқишди, фестивал ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб, ўз режалари билан ўртоқлашдилар. «Роскино» компанияси раҳбари Инна Шалито Ўзбекистон билан ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

«Ўзбекистон мутасаддилари томонидан кинематография, соҳани ривожлантириш, ҳамкорликка катта эътибор қаратилаётганини қувонарли ҳол. Биз кучли минтақавий шерик топдик, умид қиламанки, бизларни ажойиб келажак кутмоқда», — деди Шалито.

Тадбирга россиялик актёр Сергей Безруков ташриф буюрди.

«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқаметражли фильмлар намойиш этилади.

Тадбирлар ва фильмлар намойиши жадвали билан кинофестиваль ташкилотчисининг расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ