Тожикистон «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивалидаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) мамлакатлари фильмлари намойиши доирасида режиссёр Муҳаммадраби Исмоиловнинг «Овчининг сўнгги ўлжаси» бадиий фильмини тақдим этади.
Фильм ўтган ёзда прокатга чиққан. У 16 сентябрь куни Урганч шаҳридаги Худойберген Девонов номидаги кинотеатрда ўзбек томошабинларига намойиш этилади.
Фильм сюжети ўтган аср 90-йилларида тожик-афғон чегарасида содир бўлган воқеаларга қурилган. «Афғонистонда кексайиб қолган обрўли инсондан қарз бўлиб қолган бир ота қарзини ўз қизини бериш билан тўламоқчи бўлади; тенгсиз никоҳ ҳақидаги ўйдан умидсизликка тушган қиз ўзини дарёга чўктиришга қарор қилади, лекин омон қолади. Уни илгари жавобсиз севгига дуч келган ва умидсизлик дардида ўрмонда яшашга қарор қилган тожикистонлик ёш овчи йигит топиб олади», — дея Кино-Театр.Ру сайти картинани тақдим этади.
Шунингдек, Тожикистон киноижодкорлари Тошкент кинофестивалида Носир Саидовнинг «Йўл» (2016 йил) бадиий фильми, «Фаришталарнинг кенжа укаси» қисқаметражли фильмини ҳамда «Бир баҳорнинг уч куни», «ШҲТ – фаровонлик сари йўл» ҳужжатли фильмларини тақдим этадилар.
«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқаметражли фильмлар намойиш этилади.