Дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёш киноижодкорлар беш кун ичида Ўзбекистон ҳақидаги фильмлар суратга олишади

Танлов иштирокчилари ва кинофестиваль ташкилотчилари. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона" АА

«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтадиган «Кино беш кунда» ёшлар халқаро танлов дастурида дунёнинг 19 та кино мактабининг ёш киноижодкорлари иштирок этади.

Иштирокчилар Ўзбекистон бўйлаб йигирмага яқин маданий масканларга ташриф буюришади ва тарихий жойлар ҳақида қисқа метражли фильмлар суратга олишади. Иштирокчиларнинг сўзларига кўра, кимнинг қаерда суратга олиши олдиндан хабардор қилинган, шунинг учун барча ўша жойнинг тарихини ўрганишга улгурган. Умуман олганда, ёшларга фильмни тайёрлаш учун беш кун вақт берилади — уч кун суратга олиш жараёнига, бир кун монтажга, бешинчи кун дубляжга сарфланади.

Ижод маҳсули кинофестиваль давомида томошабинлар ва ҳакамлар ҳайъати аъзоларига тақдим этилади. Халқаро ҳайъат аъзолари орасида таниқли санъаткорлар, олимлар, санъатшунослар, киношунослар, кино ишлаб чиқариш соҳасидаги етакчи мутахассислар бор.

Танловда Озарбайжон, Беларусь, Молдова, Россия, Ҳиндистон, Исроил, Жанубий Корея, Руминия, Тожикистон ва Туркманистон кинематографлари иштирок этишади.

Ўтган йили XIII Тошкент кинофестивалида танловнинг мукофот жамғармаси 32 минг долларни ташкил этганди.

«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар намойиш этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ