Тошкент шаҳрининг Чилонзор кўчасида 59 туп дарахт ноқонуний равишда кесилди. Бу ҳақда 7 сентябрь куни «Абажур» Телеграм канали хабар берди. Хабарни «Халқ назорати» хизматида пайқаб қолган ва бу борада аниқлик киритиш учун тегишли идораларга мурожаат қилган.
Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вазиятни ўрганиш учун тезкор ишчи гуруҳи тузди. Маълум бўлишича, дарахтлар кесилган 0,2 гектар майдон DREAM HOUSE STROY масъулияти чекланган жамиятига тегишли экан. Январь ойида экологлар жойни ўрганиб чиқиб, унда 58 та дарахт ўсганлиги тўғрисида гувоҳнома бериб, уларни кесишнинг иложи йўқлиги ҳақида огоҳлантирган. DREAM HOUSE STROY дарахтларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширмаслик борасида кафолат хати ёзган.
Бироқ, февраль ойида компания дарахтларни кесиш учун ариза берган, аммо рад жавоби олган.
«Ишчи гуруҳ томонидан кеча тунда олиб борилган ўрганиш давомида “DREAM HOUSE STROY” масъулияти чекланган жамиятига тегишли ер майдонида жами 58 дона ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахтлар йўқ қилинганлиги, шунингдек, дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланган чораларнинг кўрмаганлиги натижасида ўсимлик дунёсига жами 797 700 000 сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди»— деб хабар беради Экология давлат қўмитаси.
Қўмита ушбу иш бўйича материалларни прокуратурага юборди.
«Абажур»нинг сўзларига кўра, Чилонзор туманининг янги ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев ва шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Фурқат Махмудхўжаев Чилонзор кўчасига ташриф буюришган. Кесилган дарахтлар ўрнига янги дарахтлар экилган.
«Деворни очишди. Одамийлик юзасидан шапито эгасини қидиришди, лекин топилмади. Демак, гап шу. Прокуратура ишлайди, Чилонзор ҳокимлиги яшил ҳудудни тиклайди», — деб ёзади «Абажур».
Эслатиб ўтамиз, бундан бир ой аввал, август ойи бошида худди шу Чилонзор кўчасида ишчилар йўлни кенгайтириш чоғида 101 туп дарахтнинг илдизига зарар етказган эдилар. Натижада Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва туман прокурори Иззат Бозоров ўз лавозимларидан маҳрум бўлганди. Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва шаҳар прокурори Улуғбек Қосимовга «ўз вазифасига масъулиятсиз муносабатда бўлгани учун» танбеҳ берилганди.
2019 йил ноябрь ойидан Ўзбекистонда дарахт ва буталарни кесишга мораторий жорий қилинган, 2022 йил январидан эса қонунни бузганлик учун жазо кучайтирилган. Шунга қарамай, мамлакатда ўсимликларни ноқонуний йўқ қилиш давом этмоқда. Давлат геология қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда дарахтларни, жумладан, қимматбаҳо турларини ноқонуний кесиш бўйича 2300 та факт аниқланган.