Сергей Безруков ва Гоша Куценко Тошкент кинофестивалида маҳорат дарслари ўтказади

Сергей Безруков ва Гоша Куценко. ampravda.ru сайти фотосурати

XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг ўқув дастури доирасида Россия киноси вакиллари, актёрлар Сергей Безруков ва Гоша Куценко амалий машғулотлар ўтказади.

Кинофестиваль доирасидаги амалий машғулотларга дунёнинг турли давлатларидан жами 40 нафар эксперт жалб этилади. Безруков ва Куценкодан ташқари Такеши Китано, Кшиштоф Занусси, Тимур Бекмамбетов, Жора Крижовников, Габриэлль Келли, Сергей Пускепалис, Владимир Хотиненколар маъруза қилишади.

Таълим дастури турли мутахассислик вакиллари — режиссёрлар, актёрлар, рассомлар, операторлар, драматурглар, продюсерлар ва аниматорлар учун мўлжалланган тематик бўлимларга бўлинган. Барча ижодий учрашувлар юқори технологияли ускуналар ёрдамида ўтказилади. Тараққиёт ва технология, шунингдек, Screenlife-панелида муҳокама қилинадиган алоҳида мавзуга айланади.

«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар намойиш этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ