Эмир Кустурица ва Люк Бессон Тошкент кинофестивалида иштирок этади

Эмир Кустурица. gornovosti.ru сайти фотосурати

XIV Тошкент халқаро кинофестивалида дунёга машҳур режиссёрлар Эмир Кустурица ва Люк Бессон иштирок этади.

Кустурица ва Бессоннинг кинофестивалда иштирок этиши сентябрь ойида Тошкент халқаро кинофестивалининг очилиши арафасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум бўлди.

Шунингдек, кинофестивалда Такеши Китано, Арманд Ассанте, Бурак Озчевит, Сергей Безруков, Жонни Депп, Тимур Бекмамбетов иштирок этиши ҳақида хабар берилган. Кинофестивал доирасида машҳур режиссёрлар, актёрлар ва замонамизнинг бошқа таниқли киноижодкорлари билан ижодий учрашувлар ўтказилади.

«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Эмир Кустурица — серб режиссёри ва сценарий муаллифи. У кўплаб кино мукофотлари, жумладан «Олтин пальма япроғи», «Олтин шер», «Кумуш айиқ» ва «Сезар» мукофотлари совриндори. Кустурицанинг энг машҳур асарлари – «Дадам хизмат сафарида», «Аризона орзуси», «Қора мушук, оқ мушук», «Ҳаёт — бу мўжиза», «Марадона» картиналаридир.

Люк Бессон — француз ва Голливуд режиссёри, продюсери ва сценарий муаллифи. У «Бешинчи элемент», «Леон», «Никита», «Аждар бўсаси», «Такси», «Воситачи» ва «Асира» фильмлари билан машҳур.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ