АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дэниел Розенблюм (Daniel Rosenblum) 7 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Президент Дэниел Розенблюмнинг Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришдаги ҳиссасини қайд этди.
«Кейинги йилларда конструктив сиёсий мулоқот йўлга қўйилди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Ўзаро савдо ҳажми ошмоқда, АҚШнинг етакчи компаниялари иштирокида қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида икки томонлама дастурлар жорий этилмоқда», — дейилади матбуот хизмати хабарида. Шунингдек, август ойида Розенблюм «Дўстлик» ордени билан тақдирлангани ҳам қайд этилди.
АҚШ элчиси унинг фаолиятига берилган юқори баҳо учун самимий миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг мустаҳкамланишини фаол қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.
Дэниел Розенблюм Йел университетининг тарих факультетида бакалавр даражасини ва Жон Хопкинс университетида советология ва халқаро иқтисод бўйича магистр даражасини олган, рус тилини билади. 1997 йилда АҚШ Давлат департаментига ишга кирган. Бир неча йил давомида у АҚШнинг Европа, Евроосиё ва Марказий Осиё мамлакатларига кўмаги координатори бўлиб ишлаган. 2014 йил июль ойида у АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари этиб тайинланган эди. Унинг ваколатига АҚШ сиёсати ва Марказий Осиёнинг бешта постсовет республикаси билан дипломатик муносабатлари масалалари кирган.
Розенблюм 2019 йил 9 май куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида қасамёд келтирди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Владимир Норов билан хайрлашув учрашувида у Ўзбекистондаги фаолияти давомида республиканинг барча соҳаларда жадал ривожланишига хизмат қилган кенг кўламли ислоҳотларнинг гувоҳи бўлганини таъкидлади ва АҚШ ҳукумати ушбу мамлакатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга содиқлигини маълум қилди. Розенблюм ҳар қандай лавозимда ҳам Ўзбекистоннинг дўсти бўлиб қолишини айтди.
Розенблюмга қадар АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб Памела Спратлен (Pamela Spratlen) тайинланган эди, энди эса ушбу лавозимга 27 июль куни АҚШ Сенати томонидан тасдиқланган Жонатан Хеник (Jonathan Henick) тайинланади. Шу куни АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси лавозимига Розенблюм номзоди маъқулланди.