Саудиянинг Flynas лаукостер авиакомпанияси Жидда-Тошкент йўналиши бўйича мунтазам рейсларни йўлга қўйишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Zawya нашри хабар берди.
Лоукостер авиакомпания Саудия Арабистонидан Ўзбекистон пойтахтига ҳафтасига икки марта – душанба ва пайшанба кунлари парвоз қилади. Биринчи парвоз 15 сентябрга белгиланган.
Август ойи охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қиролликка ташрифи доирасида Транспорт вазирлиги билан авиақатновлар сонини кенгайтириш бўйича меморандум имзоланган эди. 26 август куни «Ўзавиация» Flynas авиакомпаниясининг фойдаланишга доир рухсатномасига тегишли ўзгартиришлар киритди.
Авиакомпаниянинг таъкидлашича, мамлакатлар ўртасидаги янги тўғридан-тўғри рейслар Ҳаж ва Умра зиёратларига борадиган зиёратчилар, тадбиркорлар ва сайёҳларни ташиш имкониятларини кенгайтиради. Парвозлар Airbus 320 самолётларида амалга оширилади.
Flynas учун бу Ўзбекистондаги иккинчи йўналиш. 2021 йил август ойидан бошлаб Ар-Риёд-Тошкент-Ар-Риёд йўналишида хизмат кўрсатмоқда.
Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё арзон авиаташувчининг йил бошидан амалга оширилаётган кенгайтириш стратегиясига киритилган. Умуман олганда, компания ҳозирда 70 та йўналишга – 17 та ички ва 53 та халқаро йўналишларга парвозларни амалга оширмоқда.
Flynas (собиқ Nas Air) 2007 йилда ташкил этилган. Ҳозирда у 38 та самолёт паркига эга бўлган энг йирик арзон авиакомпаниялар қаторига киради, самолётларнинг учдан бир қисми 2021-2022 йиллари сотиб олинган. Flynas етти йил кетма-кет World Travel Awards ва тўрт йил давомида Skytrax томонидан Яқин Шарқнинг етакчи арзон авиакомпанияси деб топилган.
Эслатиб ўтамиз, 30 август куни «Ўзавиация» WizzAir Abu Dhabi авиакомпаниясига Абу-Даби-Тошкент-Абу-Даби йўналишида, flydubai авиакомпаниясига Дубай-Наманган-Дубай йўналиши бўйича мунтазам рейсларни амалга оширишга рухсат берган эди.