14-17 сентябрь кунлари Самарқандга кириш ёпилади. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитининг ушбу шаҳарда ўтказилиши муносабати билан чеклов чоралари кўрилди. Саммитда иштирок этишни ШҲТга аъзо давлатларнинг барча раҳбарлари: Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва, албатта, Ўзбекистон тасдиқлади. Шунингдек, ШҲТ кузатувчи-мамлакатлари раҳбарлари ва ҳамкор ташкилотлар – БМТ, МДҲ, КХШТ, ЕОИИ ва бошқалар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
«Саммит кунларида Самарқанд шаҳрига кириш йўллари ёпилади, транзит транспорт воситалари учун айланма йўллар ташкил этилади.
Ҳайдовчилар флайердаги QR код орқали йўлларда ҳаракатланишлари учун рухсат этилган айланма йўллардан мобил илова орқали ҳам кўришлари мумкин», — дейилади ИИБ хабарида.
Шаҳарнинг ўзида ҳам барча турдаги транспортлар ҳаракати чекланади. Ҳукумат 16 та кўчани ёпади: Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет хиёбони, Намозгох, Садриддин Айний, Регистон, Рудакий, Шохизинда, Усто Умар Жўрақулов, Ислом Каримов, Афросиёб, Беруний, Мирзо Улуғбек, Гулобод, Муқимий ва Даҳбед.
«Ҳаракат қатнови чекланган кўчаларда тез тиббий ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бўлинмалари транспорт воситаларига истисно тариқасида ҳаракатланиш учун рухсат берилади», — дейилади ИИБ матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин 12-20-сентябрь кунларига режалаштирилган Самарқанд халқаро аэропортига доимий рейслар бекор қилингани ҳақида хабар берилганди. Шаҳарда ўқув йилининг бошланиши 19 сентябрга кўчирилди.