Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов Москванинг «Спартак» клуби билан шартномани бекор қилиб, Екатеринбургнинг «Урал» клубига ўтди. Бу ҳақда Transfermarkt хабар берди.
Ўрунов «Урал»га эркин агент сифатида ўтди. Шартнома тафсилотлари кўрсатилмаган. Футбол инсайдери Иван Карповнинг сўзларига кўра, Ўрунов клуб билан икки йил муддатга шартнома имзолайди.
«Унинг маоши жамоанинг этакчи ўйинчилари оладиганидан анча кам бўлади», — дейди Карпов.
Остон Ўруновнинг «Спартак» билан шартномаси 2025 йилнинг ёзига қадар тузилган. Футболчи клубдан товон сифатида шартнома бўйича ўзига тегишли бўлган бутун маошини — 2 миллион еврога яқинни («Фарғона» манбасига кўра) олмоқчи эди. Metaratings маълумотларига кўра, «Спартак» Ўрунов билан шартномани бекор қилиш бўйича музокаралар чоғида товон пули миқдорини ярмидан кўпроқ камайтиришга муваффақ бўлган.
Остон Ўрунов Тошкентнинг «Пахтакор» клуби тарбияланувчиси. 2017 йили Наманган «Навбаҳор»ига ўтган. 2019 йилнинг ёзида у Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан шартнома имзолаган ва у билан Ўзбекистон Суперлигаси кумуш медалини қўлга киритганди. 2020 йил бошида у Уфага кўчиб ўтади. Ўша йилнинг ёзида у Москванинг «Спартак» клуби билан 5 йиллик шартнома имзолайди, аммо кейинги бир ярим йилни «Уфа»да ижарада ўтказди. Футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида еттита ўйин ўтказиб, битта гол урган. Transfermarkt маълумотларига кўра, Ўруновнинг нархи 700 минг еврога баҳоланади.