Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг совет тузуми ўзбек миллатининг эркпарвар руҳини бостириш йўлида миллат зиёлиларини йўқ қилишга урингани ҳақидаги сўзларига Россиянинг айрим оммавий ахборот воситаларидаги муносабат мутлақо ноадекват бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафаев ўзининг Twitterдаги саҳифасида таъкидлаб ўтди.
«Президент Ш.М.Мирзиёевнинг қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган маросимдаги нутқига Россия ОАВларида берилган «муносабатлар»ини ўқиб чиқдим...
Мустабид тузум қатағон қурбонлари хотирасини ёд этган Ўзбекистон Президентининг мувозанатли, босиқ ва ўта самимий нутқига мутлақо ноадекват муносабат.
Ўзи мунозара нима ҳақида? Мустабид тузум шафқатсиз ва бераҳм бўлганлигими?
Ёки ҳалок бўлганлар ҳақиқатан ҳам ғайриинсоний қатағон қурбонлари бўлганлигими? Ақли тўғри ва хотираси аниқ бўлган ҳеч қайси инсон у ёки буни сўроқ қила олмайди.
Тузумга қарши, Ватан озодлиги учун ўз овозини баланд кўтаришга журъат этган минглаб ва минглаб юртдошларимиз учун полигон ва қабристон бўлиб қолган жойда ўтган маросимда мен ҳам қатнашдим. У чин қалбдан, ёриқ ва тантанали, қандайдир самимий, инсоний тарзда ўтди.
Айнан шу жойда жаллодлар томонидан ўз ўлимини жасорат билан қабул қилганлар олдидаги қарзимизни инсоний равишда қайтардик. Бу энди шов-шувли сиёсийлаштириш ва популистик ваҳима учун сабабми?» – деб ёзган Сафоев.
Прочел «отклики» в российских СМИ на выступление Президента Ш.М.Мирзиёева на церемонии памяти жертвам репрессий… pic.twitter.com/8BkIQQktJ1
— Sodyq Safoev (@SodyqSafoev) September 1, 2022
Эслатиб ўтамиз, 31 август куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақилликка эришганига 31 йил бўлган бўлса-да, «боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган. 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун? Таҳлил бўлган. Улар энг катта қаҳрамонларимиз, миллатнинг хазинаси бўлган. 2-3 тадан тил билган. Ватанимизни озод қилиб, тараққиётга олиб чиқишини билишган», деганди.
Россия Давлат Думасининг МДҲ ишлари, Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин Ўзбекистон президентининг сўзларини спекуляция деб атади. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон бугунги кунда самарали ривожланаётган соҳаларнинг аксарияти совет даврида яратилган ва бундан қочиб қутулиб бўлмайди.
«Совет Иттифоқи даврида ўзбек миллатини ҳеч ким йўқ қилмаган. Ҳозир Совет Иттифоқида украинларни атайлаб очарчиликка йўлиқтиргани, Болтиқбўйи халқларини қириб ташлагани ва ҳоказоларни айтадиган бутун бир пантеон мавжуд. Совет Иттифоқи, барча камчиликларига қарамай, халқаро ҳамжамият эди ва Ўзбекистон ҳам дастлаб Совет Иттифоқи харитасида пайдо бўлди, кейинчалик ўз тилини, ўзини халқ сифатида сақлаган ҳолда мустақилликка эришди», — деди Затулин.
Унинг қайд этишича, «президент Мирзиёев Совет Иттифоқига қарши айбловлардан илҳом олаётган биринчи постсовет ҳукмдори эмас. Бу ўз давлатлари ўтмишини гапираётган бошқа кўплаб раҳбарлари сўзларига айнан ҳақиқатга ўхшайди. Улар ўз мамлакатларида бугунгидан яхшироқ бўлмаганлигини исботлашлари керак».
Таъкидлаш жоиз, Шавкат Мирзиёевнинг баёноти янгилик эмас. У ҳокимиятга келганидан бери ўз позициясини намойиш этиб келмоқда.
20 аср бошидаги қатағонга учраган ўзбек зиёлилари ўз Ватани мустақиллигини орзу қилгани, уларнинг тинчлик ва озодлик учун кураши бугунги ёшларга ибрат бўлиши ераклигини президент 2017 йили августда таъкидлаган эди.
«1937-1953-йиллари Ўзбекистонда 100 минг киши қатағон қилинган, 13 минг нафари шафқатсизларча отиб ўлдирилган», дея Мирзиёев деярли ҳар йили, жумладан, 2020 йил август ойида ҳам гапирган эди.
«Очиғи, катта салоҳиятга эга раҳбарлар, олимлар, ёзувчилар, шифокорлар, ўқитувчилар қатағон қилинди. Улар халқимизнинг энг яхши намояндалари эдилар. Тоталитар тузумга миллатнинг кўзини очадиган, ўзлигини англайдиган ақлли одамлар керак эмас эди. Улар фақат буюк бўлганликлари учун айбдор эдилар», — деганди Ўзбекистон президенти 2021 йил августида.
Шу билан бирга, Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги илк интервьюсида жадидлар ўзбек халқини асрлар давомидаги жаҳолатдан уйғотиб, миллий озодлик ҳаракати учун мислсиз куч-қувват берганини таъкидлаганди. «Афсуски, мамлакатимизда большевиклар мустабид тузумининг ўрнатилиши, чор мустамлакачилик сиёсатининг янги шаклда давом этиши маърифатпарвар аждодларимизга ўз мақсадларини тўла рўёбга чиқаришга имкон бермади», – деганди президент.