Ўзбекистон сув тошқинидан жабр кўрган Покистонга инсонпарварлик ёрдами юборди

"Дунё" сайти фотосурати

Ўзбекистон 1 сентябрь куни мисли кўрилмаган муссон ёмғирлари оқибатида аҳолиси кучли сув тошқинидан жабр кўрган Покистонга гуманитар ёрдам жўнатди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Покистонга ҳарбий ҳаво транспорти орқали салкам 40 тонна юк жўнатилди. Бу озиқ-овқат, жумладан, ўсимлик ёғи, ун, гуруч, гўшт консервалари, қандолат ва макарон, шунингдек, иссиқ адёл ва бошқа зарур нарсалар.

Эслатиб ўтамиз, Покистонда сўнгги бир неча ҳафта ичида мисли кўрилмаган муссон ёмғирлари ва тошқинлар мамлакатнинг турли минтақаларида миллионлаб одамларга зарар етказди. Мамлакат жануби-ғарбидаги Балужистон ва Синд вилоятлари энг кўп зарар кўрган. Юз минглаб одамлар уйларидан айрилган. 26 август куни Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф 33 миллион киши (мамлакат аҳолисининг қарийб 15 фоизи) тошқиндан жабр кўрганини айтди.

31 август ҳолатига кўра, сув тошқинлари оқибатида 1191 киши, жумладан, 399 бола ҳалок бўлган.

Покистонда 809 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерлари сув остида қолган, деди табиий офатларга қарши кураш миллий агентлиги раҳбари генерал Ахтар Навоз. Шариф мамлакат шимолига ташриф буюрганидан сўнг, «гуруч ҳосилини ювиб кетди, мева ва сабзавотлар қолмади», деди. Унинг қўшимча қилишича, сел сувлари 700 минг бош чорва молларини оқизиб кетган.

Фавқулодда вазият туфайли Покистон дунё ҳамжамиятига ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бундан ташқари, БМТ Покистонга «мисли кўрилмаган иқлим ҳалокати»га қарши курашда ёрдам бериш учун 160 миллион доллар сўраган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ