Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва «Россия-Культура» телеканали ҳамкорликда россиялик томошабинларга «Шарқ дурдонаси тонги» ҳужжатли фильмини тақдим этади. Фильмнинг Россия телевидениесида премьераси 31 август оқшомида бўлиб ўтади.
Сюжетга кўра, россиялик бошловчи Павел Селин Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилади ва мамлакат маданий ҳаётида иштирок этади. У томошабинга фестиваллар, театрлар, кўргазмалар, концертлар ва бошқа кўп нарсалар борасида ҳис-туйғулари ва олган таассуротлари ҳақида гапириб беради. Фильм тематик бобларга бўлинган. Уларнинг ҳар бири маълум бир санъат турига ёки тадбирга бағишланган.
Фильмнинг асосий мақсади ҳам анъанавий, ҳам замонавий санъатга қизиқувчи кенг томошабинлар эътиборини Ўзбекистонга қаратишдан иборат.
«Ўзбекистон Мустақиллик байрами арафасида «Шарқ дурдонаси тонги» ҳужжатли фильмининг «Россия Култура» телеканалида намойиши муҳим воқеа бўлди. Россиянинг барча бурчакларидаги томошабинларимизга нафақат Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи, унинг ҳайратланарли обидалари ва тарихий шахслари, балки шу билан бирга кўп асрлик маданий анъаналардан энг яхши нарсаларни ўзлаштирган, жадал ривожланаётган, дунёга очиқ Ўзбекистоннинг бугунги маданияти, замонавий, обрў-эътиборли инсонлар ҳақида сўзлаб бериш биз учун жуда муҳим. Бу бир-биримизни яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради, томошабинларимизда қизиқиш уйғотади», — дейди «Россия Култура» телеканалининг тижорат директори Виктория Кривицкая.
«Шарқ дурдонаси тонги» фильми илк бор ўтган йили Тошкентда ўтказилган кинофестивал доирасида тақдим этилганди. «Ипак йўлида» деб номланган фильмнинг давоми 13—18-сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган «Ипак йўли дурдонаси» ХIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида намойиш этилади.