Тошкент аэропортида тимсоҳ болаларини олиб ўтишга ҳаракат қилган йўловчи қўлга олинди

Тошкент аэропортидаги тимсоҳлар. repost.uz сайти фотосурати

Тошкент аэропортида божхона ходимлари 54 дона тимсоҳ болаларини Ўзбекистонга олиб киришга уринган йўловчини қўлга олдилар. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналида хабар берди.

Матбуот хизмати эълон қилган видеога кўра, божхоначилар сканердан ўтказиш вақтида багажда ҳаракатланишни пайқашган. Йўловчидан сумкаларни очиш сўралган, кўздан кечириш чоғида йўловчи судралиб юрувчиларни мева-сабзавот идишларига солиб, уларни яширишга урингани маълум бўлган.

Маълум бўлишича, судралиб юрувчиларни Қоҳирадан пойтахтга учиб келган М.С. исмли инсон олиб ўтмоқчи бўлган. Кейинчалик Давлат божхона қўмитасида аниқлик киритилишича, тимсоҳлар сони 54 та эмас, 57 та бўлган.Ташқи кўринишида судралиб юрувчилар Нил тимсоҳларига ўхшайди. Улар вақтинча сақлаш учун Тошкент ҳайвонот боғига жўнатилган.

Қўлга олинган йўловчи қайси давлатдан келгани ва қайси давлат фуқароси эканига бошқармада аниқлик киритилмаган. Шунингдек, тимсоҳ болаларининг тақдири ҳам ҳозирча номаълум.

Жорий йилнинг июль ойи охирида Ecologuz Телеграм-каналида ўзбекистонлик блогер Беҳзод Латифовнинг тимсоҳ болалари сотилиши ҳақидаги реклама эълони эътиборни тортганди. Латифов майда судралувчиларни ҳар бирини 1500 долларга баҳолаган. Ecologuz канали маъмурлари Ўзбекистон фуқароси бу ҳайвонларни қаердан олгани, ёввойи ҳайвонлар билан савдо қилиш у ёқда турсин, уларни сақлашга рухсати борми, деган савол билан қизиқдилар. Бу саволлар Божхона қўмитасига, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ҳам юборилганди.

31 август куни Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон парламенти депутатлари «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритишни муҳокама қилаётгани, унга кўра фуқароларга йиртқич ва заҳарли ёввойи ҳайвонларни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси рухсатисиз сақлаш тақиқлангани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Бундан олдин, ўтган йил ноябрь ойида Тошкент аэропортида БААдан учиб келган ва бир неча ўнлаб қушларни ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган йўловчи қўлга олинган эди. Қоидабузар 1300 доллар жаримага тортилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ