Венгрия киноижодкорлари ўзбек ҳамкасблари билан тарихий фильмлар суратга олишга қизиқиш билдирдилар

Чаба Каэль. variety.com сайти фотосурати

Венгрия ҳукуматининг миллий кино саноатини ривожлантириш бўйича комиссари ва Миллий кино институти директори, режиссёр Чаба Каэль «Ўзбеккино» (Ўзбекистон Миллий кино агентлиги) билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди, деб хабар беради Dunyo ахборот агентлиги.

Каэль Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдуҳолиқов ҳамда Ўзбекистоннинг Австрия ва Венгриядаги элчиси Абат Файзуллаев билан онлайн учрашувда ўзбекистонлик киноижодкорлар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини билдирди.

Чаба Каэль «икки халқнинг илдизлари муштараклигини таъкидлаб», айниқса, тарихий жанрдаги фильмлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Каэлнинг фикрича, Ўзбекистоннинг тарихий қаҳрамонлари ҳақида фильм суратга олиниши венгер томошабинларига ўзбек халқи тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш имконини беради.

Режиссёрнинг сўзларига кўра, Венгрия Европада кино ишлаб чиқариш бўйича Буюк Британиядан кейин иккинчи ўринда туради. Кино саноатини ривожлантириш ва хорижий кинокомпанияларни жалб қилиш учун мамлакатда махсус тартиб мавжуд бўлиб, унга кўра, Венгрияда фильм суратга олишда киноижодкорларнинг барча харажатларининг 30 фоизини Венгрия миллий кино институти қоплаши мумкин.

Чаба Каэль 14-17 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивалида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш таклифини қабул қилди.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси Мисрнинг энг машҳур MBC Egypt телеканаллари вакиллари билан Бухоро ва Самарқандда Ислом оламидаги энг машҳур воизлардан бири — мисрлик шайх Абдул- Басита Абдус-Самад ҳаёти ва ижодига бағишланган «Рафиқ ал-Дарб» ҳужжатли фильмини суратга олиш юзасидан музокаралар ўтказган эди. Мисрнинг энг йирик кинокомпанияси Synergy Films Тошкент кинофестивалида иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ