Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов ўз лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этаётган Жўқорғи Кенгенинг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди, деди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Камалов ўз ваколатларини тўхтатиш ва касаллиги туфайли эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. Унинг илтимоси қондирилган.
Мирзиёев Жўқорғи Кенес раислигига суверен республика Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Аманбай Ўринбаевни сайлашни таклиф қилди. У Ички ишлар вазири этиб тайинланганидан тўрт ой ўтиб – июль ойида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалардан сўнг ишдан бўшатилганди. Ўринбаев Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг Экология ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди. 22 август куни Ўринбоев Жўқорғи Кенгеси депутати этиб сайланди.
Жўқорғи Кенгеси раиси Қорақалпоғистоннинг етакчи ва олий мансабдор шахси ҳисобланади. У Ўзбекистон президенти билан келишилган ҳолда ушбу орган депутатлари орасидан сайланади.
Мурат Камалов Қорақалпоғистонни 2020 йил октябрь ойидан буён бошқариб келаётганди. Ўша пайтда ушбу номзодни тақдим этар экан, Мирзиёев уни қаерда ишламасин, қорақалпоқ халқининг дарду ташвиши ҳақида қайғурадиган ҳалол инсон, ватанпарвар деб атаганди.
Бугунги сессияда Мирзиёев Қорақалпоғистон раҳбарияти фаолиятини танқид қилди.
Давлат раҳбари шунча саъй-ҳаракатларга, Қорақалпоғистонга ажратилаётган катта-катта маблағларга қарамай, аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилаётган муаммолар сақланиб қолаётганини қайд этди. «Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар «халқни рози қилиш» деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган», — деди президент.
Мирзиёев айрим раҳбарлар халқ фаровонлигини таъминлаш учун ажратилаётган маблағларни самарасиз сарфлаётгани, мавжуд имкониятлардан фойдаланмаётганини таъкидлади. Шу боис аҳоли ўртасида ичимлик суви етишмаслиги, йўлларнинг йўқлиги, электр таъминотидаги узилишлар, ишсизлик, нарх-навонинг қимматлиги каби муаммолар юзасидан шикоятлар ҳамон кўп.
Аманбай Ўринбаев ўз нутқида Қорақалпоғистонда мавжуд муаммоларга тўхталиб, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар билдирди ва Ўзбекистон президентидан ушбу режаларни тўлиқ амалга ошириш учун зарур маблағ ажратишда ёрдам беришни сўради.
Овоз бериш натижасида Ўринбаев Жўқорғи Кенгес раиси этиб сайланди.