Теннис бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси уч учрашувдан иборат Билли Жан Кинг кубогининг Осиё ва Океания II зонаси саралаш босқичининг учинчи турида Шри-Ланка терма жамоасини мағлуб этди ва турнир плей-оффга босқичига чиқди.
▶️ Сериянинг биринчи учрашувида Аминахон Валихонова икки сетда Анжалика Курьерани мағлуб этди (6:2, 6:1);
▶️ Иккинчи ўйинда Оқгул Омонмуродова икки сетда Рукшики Вижесуриядан кучлироқ бўлди (6:3, 6:2);
▶️ Учинчи учрашувда ўзбек аёллари Насиба Эсполова / Мафтунабону Қаҳрамонова жуфтлиги Жанали Манампери / Рукшика Вижесурия дуэтига икки сетда (4:6, 4:6) мағлуб бўлди.
Гуруҳ босқичи якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси учта ғалабага эришиб, «А» гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Шри-Ланка икки ғалаба билан иккинчи, Гуам бир ғалаба билан учинчи, Бруней охирги ўринни эгаллади.
Туркманистон ва Тожикистон терма жамоалари ўрин олган «В» гуруҳида барча рақибларини мағлуб этган Мўғулистон терма жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўриндан икки ҳалаба билан Покистон терма жамоаси жой олди. Учинчи поғонада битта ғалаба билан Туркманистон, охирги поғонада тожикистонлик теннисчилар жойлашган.
Плей-офф босқичида Ўзбекистон терма жамоаси мўғулистонлик рақиблар билан кураш олиб боради.
Учрашув 27 август куни бўлиб ўтади. Ғалаба қозонган тақдирда ўзбекистонлик теннисчилар ўтган мавсумда учиб чиққан Осиё ва Океания зонасининг I гуруҳига қайтишади.
22-27 август кунлари Душанбедаги Фрунзе номидаги марказий стадион кортларида саккизта жамоа иштирокидаги саралаш босқичи бўлиб ўтади.
Билли Жан Кинг кубоги (2020 йилгача у Федерация кубоги деб номланган) аёллар ўртасидаги энг йирик халқаро турнир бўлиб, эркаклар учун бунинг аналоги — Дэвис кубогидир. Марказий Осиёнинг энг муваффақиятли теннис жамоаси ушбу мусобақанинг асосий тўрида иштирок этаётган Қозоғистон терма жамоаси ҳисобланади.