Ўзбекистон шахматчилари 44-Жаҳон шахмат олимпиадасининг финал босқичида Нидерландия терма жамоасини мағлуб этиб, турнир ғолибига айланди.
Олимпиадада ғалаба қозониш учун ўзбекистонликлар Голландия терма жамоасини ютишлари ёки арман шахматчиларининг муваффақиятсиз ўйинларига умид қилишлари керак эди.
Ўзбеклар учун турнир оғир бошланди. Дастлабки учта учрашув дуранг билан якунланган. Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев ва Жавоҳир Синдаровлар рақиблари билан очко бўлишди. Шу билан бирга, арман шахматчилари Испания терма жамоасига қарши серияда пешқадамлик қилишди. Аммо сериянинг сўнгги ўйинида Жавоҳир Воҳидов Макс Уормердамни мағлуб этиб, Ўзбекистон жамоасига ғалаба келтирди.
Ўзбекистон ва Арманистон терма жамоалари 19 очкодан жамғарган бўлса-да, спорт мутахассиси Алишер Никимбаев ўзининг «Фоотболиум» телеграм-каналида ойдинлик киритишича, ўзбекистонликлар Соннеборн-Бергер балл тизими бўйича арман шахматчиларидан олдинда бўлган.
Олимпиадада учинчи ўринни 18 очко жамғарган Ҳиндистоннинг иккинчи жамоаси эгаллади.
Ўзбекистон терма жамоаси турнирда мағлубият аламини тотиб кўрмаган ягона жамоа бўлди.
28 июлдан 10 августгача Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида 44-шахмат Олимпиадаси бўлиб ўтмоқда.