Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жаҳон бозорида ҳукм сураётган нархлар ҳамда масъул вазирлик ва идораларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда пахтанинг кутилаётган нархларини эълон қилди.
👉 Ўзбекистонда етиштириладиган бир тонна ўрта навли пахта хомашёсининг минимал қиймати ҚҚС билан (911 доллар) 10 миллион 25 минг сўмни ташкил қилади.
👉 Бир тонна нозик толали пахта хомашёсининг ҚҚС билан минимал нархи 15 миллион 120 минг сўм (1374 доллар).
«Ушбу тавсия этилган энг кам нархдан келиб чиқиб, пахта хомашёси ишлаб чиқарувчилар ва уни сотиб олувчи субъектлар шартнома муносабатлари доирасида ўзаро манфаатли келишув асосида пахта хомашёси таннархини мустақил равишда белгилайдилар», — дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборотида.
Ўзбекистон президентининг 2020 йил 6 мартдаги «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ
жаҳон бозоридаги нархлар таҳлили асосида келгуси йил пахта ҳосилининг энг кам нархларини 1 декабргача эълон қилиш мажбурияти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа бир қатор бошқармаларга юкланган.
Худди шу ҳужжат билан пахта саноатига раҳбарлик қилган «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти тугатилди. Қарорда 2020 йилдан бошлаб пахта хомашёсини йиғиш ва сотиш давлат режасини ҳамда пахта хомашёси учун харид нархларини белгилаш амалиётини бекор қилиш назарда тутилган.
2022 йил июнь ойида пахта ҳосилдорлигини ошириш бўйича янги тизимни янада муваффақиятли жорий этиш мақсадида Ўзбекистон президенти ҳузурида Пахтачилик бўйича кенгаш ташкил этилди. Бир қанча вилоятлар далаларида бўлган кенгаш аъзолари уруғлик пахта экилган майдонларда кўчат тиғизлиги меъёрга нисбатан 35-40 фоизга ошириб юборилганини аниқлаган. Айрим далаларда ғўзанинг тепасида ҳосил деярли йўқ, пастида эса 2-3 та кўсак бор, холос. Зарарли ҳашарот ва касаллик турлари ҳам кўпайган. Шу муносабат билан июль ойи охирида ҳукумат ғўза парвариши ва жазирама иссиқ шароитида ҳосилдорликни таъминлаш мақсадида «долзарб 30 кунлик» эълон қилди.