Ўзбекистоннинг биринчи дипломати 3 август куни Швеция пойтахтига келганидан сўнг Стокгольмда Ўзбекистон элчихонаси ўз ишини бошлади, деб хабар беради «Дунё» ахборот агентлиги.
Маслаҳатчи этиб тайинланган Нодир Ғаниев Ўзбекистон Республикасининг Швеция Қироллигидаги Муваққат ишлар вакили вазифасини бажаради. У 50 ёшда, филолог-шарқшунос, инглиз, араб, рус ва француз тилларини билади.
Стокгольмдаги элчихона Ўзбекистоннинг Скандинавия мамлакатларидаги биринчи ва дунёдаги 36-Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси бўлади. Уни очиш тўғрисидаги қарор Президент Шавкат Мирзиёевнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) раиси, Швеция Ташқи ишлар вазири Анн Линде билан учрашувида қабул қилинганди. Бундан олдин Швецияда Ўзбекистон манфаатларини республиканинг Германиядаги элчиси ҳимоя қилаётган эди
Расмий маълумотларга кўра, 2021 йили Швецияда 5326 нафар Ўзбекистон фуқароси қонуний яшаган.