Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳри атрофида 100 дан ортиқ ўлик ит ва мушуклар топилди. Бу ҳақда Mehr va Oqibat ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти хабар беради.
Маҳаллий ҳайвон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолларининг маълум қилишича, июнь ойи охирида кўнгиллилар ҳайвонларни боқиш учун келганида Нукус тузоқ хизмати ҳудудида 150 га яқин ит ғойиб бўлганини кўрганлар. Хизмат ходимлари ҳайвонларни шаҳар ташқарисига қўйиб юборишганини айтишган.
«7 июль куни Нукус яқинидаги полигон ҳандагидан 100 дан ортиқ ўлик итлар (мушуклар ҳам бор) топилган. Ҳайвонларнинг тумшуғи ва панжалари сим билан боғланган, жасадларида кўплаб яралар бор эди», — дейди Mehr va Oqibat ходимлари.
Ҳайвонларни муҳофаза қилиш жамияти раҳбарияти Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда прокуратурасига нима бўлганини ўрганиш, айбдорларни топиш ва қонун доирасида жазолашни сўраб мурожаат қилган.
Mehr va Oqibat маълумотларига кўра, сўнгги йилларда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик билан боғлиқ шикоятлар 15 баробарга кўпайган, яъни йилига ариза, мурожаатлар 100 тадан 1500 тага етган. Улар орасида нафақат камерага садистик қотилликларни тасвирга олиш, балки маҳаллий ҳукумат томонидан ҳайвонларни заҳарли хўраклар ёрдамида оммавий қирғин қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради.
2021 йил ноябридан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 202-1 «Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш» моддаси кучга кирди. Унда жаримадан тортиб озодликдан маҳрум қилишгача бўлган турли жазолар назарда тутилган.