Ўзбекистонда Қорақалпоғистондаги фожиали воқеалар ҳақидаги хабарларни йиғиш учун 1374 қисқа рақами бўйича ишонч телефони ишга тушди. Бу ҳақда мамлакат Омбудсманининг матбуот хизмати хабар берди.
«Ишонч телефони» 15 июль куни Олий Мажлисда тузилган Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия томонидан ишга туширилди. Комиссияга Омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилади.
1374 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, 1-2 июль кунлари тезда тартибсизликларга айланган норозилик намойишлари билан боғлиқ маълумотларни тақдим этиш мумкин. Барча мурожаатлар депутатлик комиссияси аъзолари томонидан кўриб чиқилади.
Нукусдаги норозиликларга Ўзбекистон Конституциясига Қорақалпоғистон суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи бир неча ўзгартиришлар киритилиши сабаб бўлган. Тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 18 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар ҳам яраланган.
Маълум бўлишича, 1 ва 2 июль кунлари 516 киши воқеа жойида қўлга олинган, кўплари маъмурий жазога тортилиб, қўйиб юборилган. Ўзбекистон Бош прокуратураси Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми («Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш») ва бошқа бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Ушбу моддалар бўйича блогер Даулетмурат Тажимуратов, фаол Азамат Турданов, журналист Лолагул Каллихонова каби 14 кишининг иши кўрилади.
Намойишлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга келиб, мазкур тузатишлар бекор қилинишини маълум қилганидан сўнг якунланди. Суверен республикада фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий этилди. Конституцияга киритилган ўзгартиришлар лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси муддати дастлаб яна ўн кунга — 15 июлга, кейин эса 1 августга қадар узайтирилди.