Владивосток шаҳрида бўлиб ўтадиган «Дети Азии» («Осиё болалари») VI Халқаро спорт ўйинларида Ўзбекистоннинг икки юз нафар вакили иштирок этади. Бу ҳақда ўйинлар дирекцияси раҳбари ўринбосари Михаил Сивцевга таяниб, ТАСС хабар беради.
Сивцевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси иштирокчи давлатлар орасида энг катта жамоа ҳисобланади. Икки юз нафар ўзбекистонлик бола спортнинг 18 турида иштирок этади.
Мусобақада қатнашиш учун 14 давлат, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон ихтиёр билдирган. Ўйинларда биринчи марта Иордания ва Ливандан спортчилар қатнашадилар. Тожикистонлик болалар иштирокчилар рўйхатида йўқ, гарчи бу мамлакат спортчилари аввалги ўйинларда қатнашган бўлсаларда. Шунингдек, Эрон вакилларидан ташқари бу йилги мусобақага Хитой, Япония, Афғонистон, Озарбайжон ва Форс кўрфази давлатларидан спортчилар келмайди.
Россиядан саккизта жамоа иштирок этади — Москва, Якутия, Татаристон, Бошқирдистон, Приморск ўлкаси, учта жамоа федерал округлар — Сибир, Узоқ Шарқ ва Ураллик спортчилар.
Мусобақаларда жами икки мингга яқин спортчи иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йили Якутскда бўлиб ўтган ўйинларда дунёнинг 35 мамлакати ва Россиянинг саккизта ўлкасидан 2800 нафар вакил қатнашган эди.
«Дети Азии» VI Халқаро спорт ўйинлари 2020 йили Якутскда ўтказилиши лозим эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли у кечроқ санага қолдирилганди. Кейинчалик ўйинларни 27 июлдан 8 августгача Владивостокда ўтказишга қарор қилинди. Мусобақалар 16 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида ўтказилади. Мусобақа дастурига спортнинг 20 тури киритилган. Иштирокчиларнинг аксарияти — 17 та жамоа самбо бўйича турнирда иштирок этади.