Тожикистонлик икки зиёратчи Ҳаж сафарида вафот этди

Ҳаж. gulfnews.com сайти фотосурати

Тожикистоннинг икки фуқароси – Исфара шаҳрида яшовчи 62 ёшли Муҳаммад Расулов ва Қубодиён туманида яшовчи 64 ёшли Қизларгул Тожиева Саудия Арабистонида Ҳаж зиёрати чоғида вафот этди. Бу ҳақда тожикистонлик зиёратчиларга ҳаж сафарида ҳамроҳлик қилаётган шифокор Тўрахон Шарифзода маълум қилди, деб хабар беради Республика Дин ишлари бўйича қўмитаси расмий сайти.

Шарифзоданинг таъкидлашича, тожикистонлик ҳар икки зиёратчи ҳам юрак хуружидан вафот этган. Дафн маросими Масжид-ул-Ҳаром масжидида бўлиб ўтган.

Шарифзода шунингдек, Тожикистондан келган ҳожиларнинг аксарияти соғ-саломат экани, бироқ тожикистонликларнинг шифокорларга мурожаат қилиши ҳолатлари ҳамон учраб туришига аниқлик киритди.

«Ҳаддан ташқари иссиқлик ва совуқ сув ичиш туфайли баъзилари томоқ оғриғи, шамоллаш, юқори иситма билан шифокорга мурожаат қилишади. Шунингдек, ошқозон бузилиши, мушаклардаги оғриқлар, юқори қон босими туфайли мурожаат қилишади. Ҳеч қандай коронавирус ҳолати қайд этилмаган», — дейди врач.

Зиёратчиларнинг биринчи гуруҳи – 150 дан ортиқ киши 20 июнь куни эрталаб Тожикистондан Саудия Арабистонига учиб кетган. Умуман олганда, бу йил Тожикистонга 3,5 минг зиёратчи учун квота берилган. Уларнинг ватанга қайтиши 17 июль куни кутилмоқда.

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси, ўз навбатида, бу йил Ҳаж «бенуқсон ва гўзал» бўлганини таъкидлайди. Қўмита раҳбари Содиқжон Тошбоевнинг сўзларига кўра, жорий йилда ўзбекистонликларга Ҳаж сафарининг ўтган мавсумига нисбатан ажратилган квоталар сезиларли даражада ошган, жами зиёратчилар сони 12 минг кишини ташкил этади.

Бу йил Саудия Арабистони зиёратчилар учун жойлар сонини бир миллионга етказди. Белгиланган қоидаларга кўра, 65 ёшдан катта бўлмаган, COVID-19 ва тўрт валентли менингитга қарши вакцина билан эмланган фуқаролар ҳаж зиёратига боришлари мумкин бўлди. Ҳажнинг асосий амаллари 7-12 июль кунлари бўлиб ўтди.