«Толибон»* радикал ҳаракати делегацияси 25-26 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири в.б Владимир Норов Москва ташрифи чоғида шу ҳақда маълум қилди, деб хабар беради «Sputnik-Узбекистан».
«Биз бугун бу мамлакатда ҳақиқий куч бўлган «Толибон» ҳаракатидан делегация келишини кутмоқдамиз», — деди Норов.
Унинг таъкидлашича, толибларнинг конференцияда иштирок этиши «уларнинг тан олинганини англатмайди». «Биз ушбу конференцияни амалдаги ҳокимиятга етказмоқчимиз... Бу уларнинг Тошкент йиғилишида қабул қилган халқаро мажбуриятлари ва у ерда имзоланган келишувларни бажаришини таъминлашга қаратилган», — таъкидлади Норов.
«Бизларнинг позицияларимиз – Россияники ҳам, Ўзбекистонники ҳам, қўшни давлатларники ҳам бир-бирига тўғри келади: «Толибон» ҳаракати ўз мажбуриятларини бажариши, бу мамлакатдаги барча сиёсий, этник ва диний гуруҳларни қамраб олувчи инклюзив ҳукумат яратиши керак», — дея қўшимча қилди у.
25-26 июль кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади ва унда 20 дан ортиқ давлат делегациялари иштирок этади. Бўлажак тадбир Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий ҳамкорлик» (2018 йил 27 мартда бўлиб ўтган) бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ва «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» (2021 йил 15-16 июль) йиғилишининг мантиқий давоми бўлади.
Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганди. Сентябрь ойида толиблар ўз ҳукумати таркибини эълон қилдилар, бирок уни ҳанузгача дунёнинг бирор давлати тан олмади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).