11 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан 40 та давлат ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Ҳужжатни Нью-Йоркда ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов тақдим этди.
Ҳужжатда, жумладан қуйидаги масалалар муҳимлиги таъкидланган:
👉 Вена декларацияси ва унинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун 2014-2024 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш;
👉 Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар, уларнинг ноёб транспорт, транзит ва сармоявий салоҳиятини рўёбга чиқаришда транспорт ва транзит йўлакларининг юқори аҳамияти;
👉 Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни ўрнатишдаги роли, шунингдек, мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ушбу мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши ва минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашувининг муҳимлиги;
👉 тоза энергия ҳосил қилиш, экологик муаммоларни ҳал қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича технологиялардан фойдаланишга имконият яратиш орқали ўзаро тажриба алмашиш зарурлиги.
«Ҳужжатда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида қашшоқликни камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш, транспорт инфратузилмасини кенгайтириш, денгиз портларига қулай, барқарор ва хавфсиз йўналишларни очадиган янги халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича асосий қоидалар ўз ифодасини топган», — дейилади хабарда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил июль ойида бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзуидаги юқори даражадаги Тошкент конференциясида шундай қарорни қабул қилиш таклифини билдирган эди.
Ўшанда конференция иштирокчиларига видеомурожаатини йўллаган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш «Марказий ва Жанубий Осиёда савдо, иқтисодий тараққиёт ва барқарорликда ўзаробоғликлик муҳим рол ўйнаши» ва у «узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши»ни таъкидлаганди.
Ўзбекистон томонидан тайёрланган ҳужжатга ҳаммуаллиф бўлган давлатлар орасида Озарбайжон, Арманистон, Ангола, Вьетнам, Вануату, Гана, Куба, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Кот-д’Ивуар, Қатар, Миср, Эрон, Непал, Малайзия, Монголия, Марокаш, Покистон, Россия, Сенегал, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Шри-Ланка, Филиппин ва бошқалар бор.