WizzAir Abu Dhabi авиакомпанияси Абу-Даби – Тошкент – Абу-Даби ва Абу-Даби – Самарқанд – Абу-Даби йўналишларида ҳар бир йўналиш бўйича ҳафтасига 4 рейсдан иборат мунтазам қатновларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди. Парвозлар жорий йилнинг 4-чорагидан бошлаб амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) матбуот хизмати хабар беради.
Туризм ва Маданий мерос вазирлиги Самарқандга рейс октябрь ойидан йўлга қўйилишини маълум қилди. Ҳар бир йўналиш бўйича ҳафтада тўртта рейс амалга оширилиши режалаштирилган.
Келгусида авиакомпания Абу-Дабидан Бухорога тўғридан-тўғри мунтазам рейсларни очиш ниятида.
«Янги рейсларнинг ишга туширилиши БАА ва Ўзбекистон ўртасида ҳаво транспортига бўлган талабни қондиради, чипталарнинг оммабоплигини таъминлайди, икки мамлакат ўртасида йўловчилар ташиш ҳажмини кўпайтиради. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини рўёбга чиқаришга ижобий таъсир кўрсатади», — дейилади ИТСВ хабарида.
WizzAir Abu Dhabi – Абу Даби халқаро аэропортида жойлашган кам бюджетли авиакомпания, Бирлашган Араб Амирликларининг ADQ давлат инвестиция компанияси (51%) ҳамда Wizz Air Holdings халқаро холдинг (49%) томонидан ташкил этилган қўшма корхонасидир. Парвозлар 2020 йил ноябрь ойида бошланган.
2022 йил июнь ҳолатига кўра, авиакомпания парки тўртта Airbus A321neo самолётидан иборат. Парвозлар харитасидан Евроосиё ва Африканинг 17 та шаҳри, жумладан, Қозоғистоннинг Нур-Султони ва Олма-Ота шаҳарлари ўрин олган.