Ўзбек ва тожик футболчилари Россияда жамоадош бўлишди

Хожимат Эркинов. championat.asia сайти фотосурати

Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ярим ҳимоячиси Ҳожимат Эркинов фаолиятини Москванинг «Торпедо» жамоасида давом эттиради. Бу ҳақда

Transfermarkt хабар берди.

Эркинов «Торпедо»га Тошкентнинг «Пахтакор» клубидан ўтди. Трансфер қандай шароитда амалга оширилгани номаълум. 21 ёшли футболчининг клуб билан шартномаси 3 йилга мўлжалланган, шартноманинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган.

Эркиновнинг «Торпедо»даги жамоадоши тожикистонлик Муҳаммад Султонов бўлди. Жамоа таркибида асли ашхободлик Даниил Полубояринов ҳам тўп суради. Жамоага Олма-Отанинг «Қайрат» ва Қозоғистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи Александр Бородюк устозлик қилмоқда.

2019/2020 йилги мавсумда Қирғизистон терма жамоаси сардори Валерий Кичин «Торпедо»да ўйнади.

Россия Премьер-лигаси клубларида бу мавсумда Марказий Осиё республикаларидан яна бир нечта футболчилар бор:

👉 Россия терма жамоасини танлаган қирғизистонлик Илзат Аҳметов Москванинг ЦСКА клубидан Краснодарга кўчиб ўтди;

👉 қозоғистонликлар Бахтиёр Зайнуддинов (ЦСКА), Нурали Алип (Зенит) ва Марат Бистров (Аҳмат);

👉 «Фарғона» хабарига кўра, Иброҳимхалил Йўлдошев («Нижний Новгород») ва Остон Ўрунов («Спартак») тез орада жамоани тарк этиши ва маълум муддат Ўзбекистон чемпионатига қайтиши мумкин

Москванинг «Торпедо»си ўтган мавсумда ФНЛ (Россия чемпионатининг иккинчи кучли дивизиони)да ғолиб чиқди ва етти мавсумдан сўнг РПЛга қайтди.

Хожимат Эркинов «Пахтакор» тарбияланувчиси. Бир муддат ижара асосида «Қўқон-1912» ва Олмалиқнинг АГМК жамоаларида ўйнаган. Сўнгги икки мавсумда у «Пахтакор»да мунтазам ўйнади. Жорий мавсумда вингер тошкентликлар сафида 16та ўйинда майдонга тушиб, шундан 5 тасида Осиё чемпионлар лигасида майдонга тушиб, 2та гол урди ва 3та голли узатмани амалга оширди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида Эркинов 9та ўйин ўтказиб, битта гол урган. Футболчининг нархи 500 минг еврога баҳоланмоқда.